Баҳор фаслининг биринчи кунида Ўзбекистон ҳудуди бўйича кам булутли ва қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати 13−18° илиқ бўлади, бу меъёрдан 2−4° га юқоридир, дея хабар берди Ўзгидромет.

Эртага республика ҳудудлари бўйича кун давомида ҳаво булутли бўлиши кутилмоқда. Бунинг ҳисобига ҳаво ҳарорати кундуз кунлари бироз пасаяди ва 10−15° илиқни ташкил этади, аммо об-ҳаво ҳали ҳам ёғингарчиликсиз бўлиши сақланиб туради.

3 мартда республика ҳудудларига Эрон ҳудудларидан нам ҳаво массалари кириб келади, кўпчилик вилоятларда бироз ёмғир ёғади, фақат Бухоро ва Навоий вилоятларида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Шимолий ҳудудларга Кавказ ҳудудларидан совуқ ҳаво массалари кириб келади ва Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида кечаси ва эрталаб 3 мартда бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши кузатилади.

4−5 мартда Ўзбекистон ҳудудига яна нам ҳаво массалари кириб келиши бошланади, бунинг натижасида барча жойларда ёмғир ёғади, шимолда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, тоғли ҳудудларда 4 мартдан 5 мартга ўтар кечаси баъзи жойларда ёғингарчилик кучли бўлиши мумкин.

5 мартда Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида ёғингарчилик кузатилмайди.

Ҳаво ҳарорати 3−5 мартда кечаси 0−5° илиқ, кундуз куни 10−15° илиқ атрофида бўлади, 5 мартда 8−11° илиқгача бироз пасаяди.

1−5 мартда Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи сақланиб туради, дея огоҳлантирди Ўзгидромет.