Иқтисодий ривожланиш ва қашшоқликни камайтириш вазирлиги Ўзбекистоннинг 2020 йилга мўлжалланган иқтисодий ривожланиш тенденциялари ва 2021 йилга мўлжалланган прогнозларини тақдим этди (PDF).

2020 йил якунига кўра, асосий капиталга қўйилган инвестициялар ҳажми реал қийматида 2019 йилга нисбатан 8,2 фоизга камайди ва 202 трлн сўмни ташкил қилди. Марказлаштирилган манбалардан молиялаштириладиган инвестициялар ҳажми 34,9 фоизга камайиб, 39,3 трлн сўмни ташкил этди.

Шунингдек, бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инвестициялар 33,6 фоизга, ЎТТЖ маблағлари 75,7 фоизга, ҳукумат томонидан таъминланган хорижий инвестициялар ва кредитлар 28 фоизга камайган.

2020 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 32,7 фоизга (кафолатланмаган хорижий кредитларни инобатга олмаган ҳолда) камайиб, 2,9 млрд долларни (доллар эквивалентида пасайиш 33,8 фоизга етди) ташкил этди.

Ҳисоботга кўра, кафолатланмаган хорижий кредитлар қуйидаги тармоқларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баробардан зиёд (2,4 млрд доллардан 3,5 млрд долларгача) ўсди, жумладан:

  • НКМК — 636,5 млн доллар;
  • «Ўзбекнефтгаз» АЖ — 154,8 млн доллар («Шўртан ГКМ» МЧЖ — ишлаб чиқариш қувватини ошириш" — 122,7 млн доллар);
  • «Ўзелтехсаноат» АЖ — 101,8 млн доллар (маиший музлатгичлар ишлаб чиқариш — 48 млн доллар);
  • АТКР вазирлиги — 89,4 млн доллар (кенг полосали телекоммуникация тармоғини ривожлантириш — 35,5 млн доллар);
  • «Ўзқурилишматериаллари» АЖ — 91 млн доллар.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг 22,1 фоизи табиий газ ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга, 22,5 фоизи бошқа металл бўлмаган минерал маҳсулотларни ишлаб чиқариш, 9,3 фоизи қурилиш ишларига йўналтирилган.

Бундан ташқари, экспорт салоҳияти юқори бўлган — машинасозлик, электротехника, металлургия, кимё ва фармацевтика тармоқларида асосий капитални шакллантириш учун тўғридан-тўғри инвестицияларнинг даражаси пастлигича қолмоқда.

«Мазкур тенденция ушбу соҳаларда қулай инвестиция муҳити яратилмаганлиги, хусусан рақобат муҳити, хусусий мулк дахлсизлиги, молия бозорлари, ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмасида тизимли муаммоларнинг мавжудлигидан далолат беради», — дейилади ҳисоботда.

Таъкидланишича, инвестициялар соҳасидаги мавжуд тенденцияларнинг давом этиши 2021 йилда иқтисодий ўсиш суръатларига (5,1% даражасида деб прогноз қилинмоқда) эришишга таҳдид солиши мумкин, бу эса иқтисодиётга жалб қилинган инвестициялар ҳажмини сезиларли даражада оширишга қаратилган инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича амалий чораларни ва уларнинг самарадорлигини оширишни талаб қилади.

Инвестицияларнинг асосий манбалари ҳисобланган давлат ташқи қарзи, Тикланиш ва тараққиёт фонди маблағлари, кафолатланмаган хорижий кредитлар ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, шунингдек тижорат банклари кредитларининг ЯИМга нисбати 2019 йилда 23,1 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йил якунига кўра ушбу кўрсаткич ЯИМнинг 20,1 фоизини ташкил этди.

Шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг юқори технологияли ва инсон капиталига фаол йўналтирилмаслиги мамлакатда юқори даражадаги инклюзив ўсишга эришиш ва камбағаллик даражасини қисқартириш каби мақсадларга эришиш жараёнини хавф остига қўймоқда.

Инвестиция муҳитини яхшилаш соҳасида асосий қадам хусусий ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича шарт-шароитлар яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар орқали тўлиқ ва самарали институционал асосни шакллантириш бўлиши лозим, дея таъкидлади Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги.