Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги томонидан Тошкент вилоятида хусусий сармоядорлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган кўп қаватли турар-жой бинолари ва бошқа иншоотларнинг қурилишида қонунбузарликлар аниқланди, деб хабар қилди давлат органи матбуот хизмати.

Аввалроқ, Қурилиш вазирлиги Тошкентда қоидабузарликларга йўл қўйган ҳолда кўп қаватли уйлар ёки меҳмонхоналар қураётган бешта қурилиш компанияси номини ошкор қилган эди. Вазирлик маълумотларига кўра, бошқа ҳудудларда ҳам бундай ҳолатлар кўп.

Ўрганишларда Тошкент вилоятида ҳам турар-жой биноларида тасдиқланмаган ва экспертиза органларининг ижобий хулосаси олинмаган лойиҳа ҳужжатларисиз, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш юзасидан ваколатли органни хабардор қилмасдан қурилиш ишлари амалга оширилаётгани аниқланди.

Хусусан, Energo Tehnika Grant компанияси томонидан Бўстонлиқ тумани «Дўстлик» МФЙ ҳудудида 3 та 4 қаватли турар жой биноларида ўзбошимчалик билан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётгани аниқланган. Қурилиш ишлари тегишли шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан ҳамда Қурилиш соҳасида назорат ҳудудий инспекциясини хабардор қилмасдан олиб борилмоқда. 2020 йил декабр инспекция бир кунлик текшириш ўтказган.

Қисқа муддатли текшириш натижасига кўра ишга оид бўлган барча ҳужжатлар ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ва ҳуқуқбузарликка йўл қўйган масъул шахсга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, ҳуқуқбузардан тушунтириш хати ва тилхат олиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судига ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган ва МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми билан жавобгарликка тортилган.

Тегишли чора кўрилганидан кейин ҳам компания томонидан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда белгиланган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмаган.

Қуйичирчиқ тумани «Ойдинобод» МФЙ ҳудудида Rus Bek компанияси томонидан тегишли шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, ҳудудий инспекцияни хабардор қилмасдансавдо ва маиший хизмат кўрсатиш комплексида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётганлиги аниқланган. Бу ерда ҳам қисқа муддатли текширув ўтказилган. Унга кўра ҳуқуқбузарликка йўл қўйган масъул шахсга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, ҳуқуқбузардан тушунтириш хати ва тилхат олиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Чиноз туман судига ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган ва МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми билан жавобгарликка тортилган. Аммо тегишли чора кўрилганидан кейин ҳам Rus Bek томонидан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда белгиланган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирмасдан қурилиш монтаж ишлари давом эттирилмоқда.

Чиноз туманида (Яллама маҳалласи) ҳам ҳудудий инспекцияни огоҳлантирмасдан Euroazia Transportion and Logistik Company компанияси томонидан божхона терминали қурилиши аниқланди. Бир кунлик текширув якунлари ва материалларни Бўстонлиқ туман судига жўнатиш натижасида мансабдор МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисмига биноан жавобгарликка тортилди. Шунга қарамай, иш зарур ҳужжатларни расмийлаштирмасдан давом этмоқда.