ОТМларга кириш имтиҳонларида таклиф этилаётган ўзгартириш қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида «Катта муаммоларга етаклайдиган арифметика» сарлавҳали таҳлилий мақоламда ёзгандим. Шу мақоламга ДТМ ўз жавобини берибди.

Эслатиб ўтаман, лойиҳага кўра, ОТМларга кириш имтиҳонларида абитуриентлар тўплаган балларга уларнинг мактабдаги сўнгги 6 йиллик баҳолари ўрта арифметик кўрсаткичини қўшиб ҳисоблаш таклиф этилмоқда. Ўз мақоламда бу лойиҳа кириш имтиҳонлари валидлигига ижобий таъсир кўрсатмаслигини исботлашга ҳаракат қилгандим. Шунингдек, мактабда қўйиладиган баҳолар субъектив эканлигини, бир мактабнинг қўйган баҳосини бошқа мактаб баҳосига қиёслаб бўлмаслигини инобатга олсак, таклиф қилинаётган тизим абитуриентларга нисбатан адолатсизлик бўлиши ҳамда мактаблардаги коррупция даражасини ошириши мумкинлигини айтиб ўтгандим.

ДТМнинг «Қарор лойиҳаси тўғрисида» деб номланган жавоб мақоласида айтилишича, «айрим интернет нашрларида лойиҳа ҳақида баъзи нотўғри фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда ва Давлат тест марказини лойиҳа муаллифи сифатида айблаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда».

Ўзбек тилининг изоҳли луғатига кўра, фикр — бирон нарсага нисбатан муносабатни, баҳони ифодалайдиган ҳукм, хулоса. Муносабат, баҳо — субъектив тушунчалар бўлиб, фактлар талқини ва уларга эмоционал муносабатдан келиб чиқади. Одамлар айни бир фактларга асосланиб, турлича (ҳаттоки, бир-бирига умуман зид бўлган) хулосаларга келишлари ҳам мумкин. Шундан келиб чиқадики, фикр «нотўғри» ёки «тўғри» бўлмайди: фикрга қўшилмаслик ва унга қарши далиллар келтириш мумкин.

«Давлат тест марказини лойиҳа муаллифи сифатида айблаш ҳолатлари»га келадиган бўлсак, мен шунчаки ДТМ лойиҳанинг муаллифи эканлигини қайд этдим, холос. Ахир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига мазкур ҳужжат ДТМ номидан жойлаштирилган. Мақоламда кимнидир айблашдан йироқман, фақат ўз билим ва тажрибамга асосланиб, таклиф этилаётган лойиҳа оқибатларини таҳлил қилишга ҳаракат қилганман.

ДТМнинг таъкидлашича, «лойиҳа олий таълим муассасаларига ўқишга киришда абитуриентларга кенг имконият, шароит яратиши билан бирга, умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактабларида таълим сифатини оширишга хизмат қилади». На лойиҳанинг ўзида, на унга илова қилинган тушунтириш хатида ва на ДТМнинг жавоб мақоласида лойиҳа юқоридагиларга эришишда қандай ёрдам бериши аниқ кўрсатилмаган.

ДТМ лойиҳани ишлаб чиқишда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Япония, Австралия, Россия, Беларусь, Туркия каби ўндан ошиқ давлатлар тажрибалари ўрганиб чиқилганини таъкидламоқда. Юқорида кўрсатилган давлатларнинг қайсиларида ОТМга кириш имтиҳонлари ёки стандартлаштирилган тестлар натижаларига мактаб баҳоларини қўшиш амалиёти мавжудлигини кўриб чиқайлик.

АҚШ ва Канадада қабул шартларини университетлар белгилайдилар ва бир университет белгилаган талаб бошқасиникидан фарқ қилиши мумкин. ОТМ қабул комиссияси кўпгина омилларга таяниб қарор қабул қилади: юқори (9−12) синфларда бўлажак мутахассисликка оид фанлардан олинган баҳолар, стандартлаштирилган тест (SAT ёки ACT) натижалари, талабгорнинг ўқиш ёки спортдаги ютуқлари. Аксарият олийгоҳлар «Нега мен шу олийгоҳда ўқимоқчиман?» қабилидаги иншолар ва ўқитувчилардан тавсияномалар ҳам талаб қилишади. Баъзи университетлар абитуриентлар сонини чеклаш мақсадида GPA, яъни юқори синфларда олинган баҳоларнинг ўртача кўрсаткичига минимал талаб белгилашлари мумкин: GPA кўрсаткичи қўйилган чегарадан паст бўлган абитуриент ҳужжатлари кўриб чиқилмайди. Бунда шуни инобатга олишимиз керакки, GPAни аниқлашда фақат фандан олинган баҳолар эмас, балки фанга ажратилган кредитлар миқдори (яъни фанни ўзлаштириш учун кетадиган вақт) ҳам инобатга олинади. Умуман олганда, ОТМ ўз талабларидан келиб чиқиб қарор қабул қилади.

Буюк Британияда ҳам талаблар ОТМга қараб фарқланиши мумкин. Лекин, одатда абитуриент тақдири A-level имтиҳонлари ёки унга тенг кучли ҳисобланадиган муқобил имтиҳонлар (мустақил ташкилотлар томонидан ўтказиладиган стандартлаштирилган тестлар) натижаларига қараб ҳал қилинади. Абитуриентлар натижаларини таққослашда ОТМлар «UCAS тариф баллари»дан фойдаланишлари мумкин — бунда A-level ёки унга муқобил имтиҳонларда тўпланган натижаларга муайян баллар тўғри келади. Айрим университетлар қўшимча кириш имтиҳонлари ўтказишлари мумкин.

Германияда абитуриентни ОТМга қабул қилиш «Abitur» деб аталадиган стандартлаштирилган имтиҳон натижаларига асосланади. Бу имтиҳонни ўқувчилар мактабни битираётганда топширишади. Тиббиёт сингари айрим соҳалар учун ОТМлар алоҳида қўшимча имтиҳон олишлари мумкин.

Япониядаги абитуриентлар ОТМларга қабул бўйича миллий тест маркази ташкиллаштирадиган кириш имтиҳонлари ёки университетларнинг ўз имтиҳонларида олган натижаларидан келиб чиқиб ОТМга қабул қилинадилар. Баъзи университетларда қабул икки босқичда ўтказилади: аввал миллий тест маркази тестлари натижаларига таяниб абитуриентлар саралаб олинади ва сўнгра университетлар ўзлари имтиҳон ўтказишади, бу имтиҳон, одатда, миллий марказ тестларидан қийинроқ бўлади.

Австралияда ATAR (Australian Tertiary Admission Rank — Австралия олий таълимга кириш рейтинги) деб аталадиган тизим ишлайди. Бу тизимда ҳар бир мактаб битирувчисининг 100 баллик шкала бўйича рейтинги аниқланади (баллар 0,05 аниқликда ҳисобланади). Бу рейтинг баллари абитуриентни ўз тенгдошлари билан таққослаш имконини беради. Бу баллар ўқувчининг мактаб битирув дипломи Higher School Certificate (HSC)ни олиш учун юқори синфларда ўтиши керак бўлган фанларидан олган баҳоларига қараб аниқланади. Буюк Британиядаги A-level имтиҳонлари каби, HSC таркибидаги фанларнинг мазмуни ва баҳолаш мезонлари мустақил ташкилотлар томонидан белгиланади. Имтиҳонлар эса стандартлаштирилган. Ҳар бир штатдаги ОТМ қабул марказлари битирувчилар натижаларини олиб, ATAR рейтингини ҳисоблашади. Бунда албатта HSC таркибидаги фанларнинг шу йилги ўқувчилар учун нисбий қийинлик даражаси аниқланади ва шунга кўра имтиҳон натижалари ягона шкалага келтирилади. ATAR рейтинги йўқлар (масалан, олдинги йил битирувчилари) учун стандартлаштирилган тест ташкил қилинади.

Россия Илм-фан ва олий таълим вазирлиги тасдиқлаган Олий таълим дастурларига қабул қилиш тартибига кўра, абитуриент кириш имтиҳонларида (ягона давлат имтиҳони — ЕГЭ ёки ОТМнинг ўзи ташкил қиладиган ички имтиҳонлар) олган балларига қараб ОТМга қабул қилинади. Бу балларга университет қарори билан ўқувчининг шахсий ютуқларидан (спортдаги ютуқлари, масалан, Олимпиада ўйинлари, Европа ёки жаҳон чемпиони эканлиги; ўқишдаги ютуқлари: мактабни олтин, кумуш медаль ёки имтиёзли ҳужжат билан битиргани, фан олимпиадалардаги ўрни; волонтёр сифатидаги ижтимоий фаолияти) келиб чиқиб, қўшимча баллар қўшилиши мумкин.

Беларусда ОТМга қабул қилиш «I босқич олий таълимга қабул қилиш» низоми билан тартибга солинади. Ушбу низомга кўра, мактаб битирувчилари учта мажбурий имтиҳон топширишади: она тилидан (рус ёки беларус тили) Республика билим назорати маркази ўтказадиган тест ва 2 та махсус фандан ОТМнинг ўзида ёки марказлаштирилган ҳолда ўтказиладиган имтиҳон. Қабул қилиш жараёнида 3та имтиҳон натижалари ва мактаб шаҳодатномасининг ўртача баҳоси инобатга олинади.

Туркияда мактаб битирувчиларининг Баҳолаш, саралаш ва жойлаштириш маркази ўтказадиган 2 босқичли кириш имтиҳонларида олган натижаларига мактаб ёки лицей шаҳодатномасининг ўртача баҳоси қўшилади ва шу асосда ОТМларга қабул қилинади.

Кўриб турганингиздек, юқорида санаб ўтилган давлатлардан Беларусь ва Туркияда мактаб баҳолари кириш имтиҳони натижаларига қўшилади. Бундай амалиёт ўша давлатлар таълим тизимида қандай ижобий ва салбий оқибатларга олиб келганлигини ҳам ўрганиб чиқиш фойдадан ҳоли бўлмасди, назаримда.

ДТМнинг жавоб мақоласида «лойиҳани тайёрлашда коррупцияни олдини олиш эътиборга олинган» дейилмоқда. Бироқ на мен, на порталда лойиҳа мактаблардаги коррупция даражасининг ошишига олиб келиши борасида хавотирлар билдирган юртдошларимиз лойиҳада коррупциянинг олдини олишга қаратилган механизмни кўрмадик. Агар лойиҳа муаллифлари баҳолар киритиладиган электрон платформани назарда тутишган бўлса, баҳолар платформага тушишидан олдин «келишиб олиш» мумкинлиги ҳақида аввал ҳам ёзгандим.

Шу билан бирга, ДТМнинг жавобида олдинги мақоламда келтирилган хавотирли масалалар ҳам жавобсиз қолдирилган: бу лойиҳанинг кириш имтиҳонлари валидлигига таъсири, баҳоларнинг субъективлиги ва бир мактаб (ҳатто бир ўқитувчи) қўйган баҳони бошқа мактаб, ўқитувчи қўйган баҳо билан солиштириб бўлмаслиги, бунинг оқибатида келиб чиқадиган адолатсизлик.

ДТМ, шунингдек, ДТМнинг айтишича, лойиҳани ишлаб чиқишда иштирок этган Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси каби бевосита таълим тизимини ривожлантиришга масъул давлат ташкилотлари лойиҳанинг барча оқибатларини яна бир бор таҳлил қилиб чиқишларини сўраб қолардим. Умид қиламанки, ДТМ ваъда қилганидек, «бирорта фикр эътиборсиз қолдирилмайди».

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Мақола таржимаси Khan Academy Uzbek томонидан тақдим этилди.