Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактаблари битирувчиларининг баҳоларини олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонларида инобатга олиш тартиби тўғрисида"ги қарори лойиҳаси муҳокама учун қўйилди.

Бундай узун номли ҳужжатнинг қисқача мазмуни қуйидагича: ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг сўнгги 6 йилда барча фанлардан олган йиллик баҳоларини киритиб бориш учун электрон платформа яратилади. Мана шу баҳоларнинг ўрта арифметик қиймати битирувчининг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонида тўплаган баллига қўшилади.

Лойиҳани ишлаб чиққан Давлат тест маркази ушбу қарорни қабул қилиш заруратини «мамлакатимизда таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада такомиллаштириш», «интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак янги авлод кадрларини тайёрлаш» ва «таълим ташкилотлари битирувчиларининг мукаммал билим олишларини таъминлаш» билан изоҳлайди.

Лойиҳа муаллифларининг фикрича, бу қарор билан «умумий ўрта, ўрта махсус таълим муассасалари ва касб-ҳунар мактабларида таълим сифатининг сезиларли даражада ошишига эришилади» ҳамда «таълим муассасалари раҳбарлари ва педагог кадрлари томонидан таълим жараёнини самарали ташкил этиш ва ўқувчиларга сифатли таълим бериш мажбурияти юкланади». Бироқ, деярли ҳеч нимани англатмайдиган ўрта арифметик қийматни кириш имтиҳонида тўпланган балларга қўшиш қай тарзда таълим сифатини оширишга хизмат қилиши борасида тушунтириш келтирилмаган. Ҳақиқатдан ҳам бу қарор таълим тизимига ижобий таъсир қиладими, таҳлил қилиб кўрамиз.

Валидликка яна бир зарба

Ўрта таълим муассасаларининг ўқув дастурига ўндан ортиқ турли фанлар киради: камида учта тил (она тили, чет тили, таълим қайси тилда олиб борилишидан келиб чиқиб рус ёки ўзбек тили), ижтимоий-гуманитар фанлар (адабиёт, тарих, ҳуқуқшунослик, тарбия), аниқ ва табиий фанлар (математика, табиатшунослик, физика, кимё, биология, география) ҳамда амалий фанлар. Баъзи фанлар (масалан, тиллар) бутун таълим даври давомида ўтилади, баъзилари эса (чизмачилик ва тадбиркорлик сингари) фақат бир ё икки йил давомида ўқитилади. Бундай вазиятда ўқувчининг ўртача йиллик баҳоси — ҳеч нимани англатмайдиган, қандайдир хулосалар чиқаришда таяниб бўлмайдиган оддий бир рақам. Бир неча йиллик ўртача баҳо эса — янада мавҳумроқ бир тушунча.

Бундай вазиятни тасаввур қилиб кўрайлик. Бир ўқувчининг она тилидан йиллик баҳоси — 5, чет тилидан — 3, математикадан — 3, жисмоний тарбиядан — 4, табиатшуносликдан — 4. Бу баҳоларнинг ўрта арифметиги 3,8 бўлади. Ушбу рақамга таяниб, бу ўқувчи ҳақида қандай хулосага келиш мумкин? У тилларни зўрға 4га билади деймизми? Ёки математикани яхши тушунади деймизми? Балким, табиий фанларда нисбатан кучлироқ дермиз? Бундай шароитда ҳар қандай хулосамиз — кўр-кўрона фол очиш, холос. Фанлар ва йиллар сони қанчалик кўпайса, ўрта арифметик қиймат ўқувчининг исталган соҳадаги билимларини шунчалик ноаниқ кўрсатиб беради.

Нега ўрта арифметик ҳеч нарсани англатмаслигини ёдда тутишимиз керак? Кириш имтиҳонларининг валидлиги масаласини олдин ҳам кўп кўтарганман. Валидлик — тест натижалари абитуриентнинг билими ҳақида тўғри хулоса бера олиши ва шунга таяниб асосли қарор қабул қилиш мумкинлиги. Кириш имтиҳонлари «Абитуриентларнинг қай бири ўзи танлаган соҳани эгаллаш учун керакли билим, малака, компетенцияларга эга?» деган саволга жавоб топиш мақсадида ўтказилади. Айнан шу имтиҳон натижаларига қараб ким олий таълим муассасасига қабул қилиниши аниқланади.

Демак, имтиҳон натижалари абитуриент ОТМда ўқишга қанчалик тайёр эканини кўрсата олиши керак. Масалан, агар абитуриент дастурлаш йўналишига топширган бўлса, имтиҳон натижаларига қараб у айнан бўлажак дастурчига керакли билим ва кўникмаларни қай даражада эгаллагани ҳақида хулоса чиқара олишимиз лозим.

Кириш имтиҳонидаги фанлар сонининг кўпайтирилиши ОТМлардаги чекланган ўринларга муносиб номзодларни топишга ёрдам бермаслиги ҳақида аввал ёзгандим. (Бу йилдан бошлаб абитуриентлар 5та фандан имтиҳон топширишади.) Имтиҳон натижаларига ҳеч нимани англатмайдиган рақам — бир неча йиллик баҳоларнинг ўрта арифметик қийматинии қўшиш эса кириш имтиҳонларининг шундоқ ҳам жиддий муаммо бўлиб турган валидлигини янада шубҳа остига қўяди.

Форматив ва сумматив баҳолаш: буларни чалкаштирмаслик зарур

Лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида муаллифлар, эҳтимол, назардан қочирган яна бир жиҳатга эътибор қаратамиз. Педагогика илмида «форматив баҳо» ва «сумматив баҳо» тушунчалари мавжудлиги, улар бир-биридан кескин фарқ қилиши ҳақида аввал ҳам ёзган эдим. Форматив баҳолашнинг мақсади аслида баҳолаш ҳам эмас, балки ўқувчига ўзининг кучли ва заиф томонларини аниқлашда ёрдам бериш, ўқиш жараёнидаги келгуси қадамларини белгилаб олишда кўмаклашишдан иборат. Масалан, ўқитувчи синфда назорат иши ўтказиб, кейинги дарсни хатолар устида ишлашга бағишлаши мумкин. Бунда ўқувчилар қаерда хато қилганликларини, қайси мавзуларни такрорлашлари кераклигини билиб олишади. Уйга вазифа ва дарсдаги фаол иштироки учун қўйиладиган баҳолар ҳам аслида форматив баҳога мисол бўла олади.

Сумматив баҳолаш эса, ўқувчининг таълим дастурини қай даражада ўзлаштиргани ҳақида объектив хулоса бериши керак. Бир ўқувчининг баҳосини бошқа ўқувчи баҳоси билан таққослаш имкони ҳам бўлиши лозим. Объективликни таъминлаш учун қатор талабларга риоя қилиниши керак. Масалан, баҳолашда ишлатиладиган топшириқларни стандартлаштириш, баҳолаш жараёнини стандартлаштириш, аноним баҳолаш (текширувчи кимнинг ишини баҳолаётганини билмайди), аниқ баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ва текширувчиларнинг ҳаммаси бу мезонлар асосида ишлашини таъминлаш. Ана шундагина Тошкентнинг марказидаги «обрўли» мактабда 6-синф ўқувчисининг математика фанидан олган 3 баҳоси Сурхондарёнинг тоғли қишлоғидаги 6-синф ўқувчисининг математикадан олган «уч"ига тенг бўлади.

Муҳим қарорларни қабул қилишда форматив баҳодан фойдаланиш нотўғри — бундай қарорлар фақат сумматив баҳога асосланиб қабул қилиниши керак. Бундан ташқари, форматив баҳо сумматив баҳога таъсир этмаслиги керак, зеро бу иккисининг мақсадлари бошқа-бошқа.

Йил сўнггида топшириладиган имтиҳонларда ёки якуний давлат аттестациясида олинган баҳолар, аслида, сумматив баҳо бўлиши керак. Чунки улар ўқувчи фанни қай даражада ўзлаштирганини кўрсатиши ва шунга қараб уни синфдан-синфга ўтказиш ё ўтказмаслик ҳақида қарор қабул қилиниши лозим. Бироқ амалда, ўзларига муаммо орттирмаслик учун ўқитувчилар давлат таълим стандартларининг минимум талабларига жавоб бермайдиган ўқувчиларга ҳам «уч» қўйишади. Бунинг устига, сумматив баҳолашнинг юқорида айтиб ўтилган бошқа талабларига ҳам одатда риоя қилинмайди.

Мавжуд тизимда фанлар бўйича йиллик баҳолар қандай чиқарилади? Ўқитувчилар чорак давомида қўйган баҳолардан ўртача чорак баҳо, чораклар йиғиндисидан эса, ўртача йиллик баҳо ҳисобланади. Агар ўқув йили якунида фандан имтиҳон топширилса, ўртача йиллик баҳони аниқлашда у ҳам инобатга олинади. Бунда форматив ва сумматив баҳолаш талабларининг яққол бузилишини кўришимиз мумкин — форматив баҳоларнинг ўрта арифметик қиймати сумматив баҳо сифатида олинмоқда. Бу ерда Тошкентнинг марказидаги, ёки Самарқанд вилоятининг чекка қишлоқларидаги, ёки Қорақалпоғистон овулларидаги мактаб битирувчиларининг шаҳодатномаларидаги 3 баҳолар тенг кучли эканлигини кафолатловчи ҳеч қандай механизм йўқ. Мамлакатнинг турли чеккаларидаги мактаблар қўйган баҳолар у ёқда турсин, бир мактабнинг ўзида ҳам турли ўқитувчилар қўйган баҳоларни таққослаб бўлмайди, сабаби — нима учун 3, 4 ёки 5 қўйилишини ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди.

Энди шу объектив бўлмаган, қиёслаш имконсиз баҳолар ўн минглаб ўқув даргоҳларини битираётган миллионлаб абитуриентларнинг келажагини ҳал қилувчи имтиҳон натижаларига таъсир кўрсатиши таклиф қилинмоқда. Бу эса баҳолашда адолат мезонларининг бузилишидир.

Юқоридаги фикрларга қўшимча сифатида. Муайян фанга ихтисослашган мактаблар бор. Табиийки, улардаги ўқувчиларнинг айнан шу фан бўйича билим даражасига қўйиладиган талаблар оддий мактаб талабларидан фарқ қилиши лозим. Бу ҳам баҳоларни таққослашни қийинлаштиради. Мисол учун, физика фанини чуқур ўргатадиган мактаб ёки лицейда физика фанидан олинган 4 баҳо оддий мактабда, ёки адабиётга ихтисослашган мактабда, ё бўлмаса ошпазларни тайёрловчи касб-ҳунар мактабларида физикадан олинган 4 баҳо билан тенг эмас. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, кириш имтиҳонларига ҳеч қандай дахли бўлмаган мактаб баҳоларининг имтиҳон натижаларига таъсир қилиши адолатсизликдир.

Ҳар соҳада «моҳир»

Юқорида айтиб ўтилганидек, лойиҳага илова қилинган тушунтириш хатида бу таклиф қандай қилиб ўқув масканларидаги «таълим сифатини сезиларли оширишга хизмат қилиши» очиқланмаган. Агар лойиҳа эгалари бу билан ўқувчиларни барча фанларни яхши ўзлаштиришга руҳлантирмоқчи бўлишса, келинг, қарши фикримни баён этай.

Ҳар бир инсоннинг ўз қизиқадиган соҳалари бўлади. Кимдир физик бўлишга қарор қилади, кимнингдир эса адабиётда истеъдоди бўлиши мумкин. Кимдир тригонометрик масалаларни пистадек чақиб ташлару, шеъриятдаги вазнларни бир-биридан ажрата олмас. Бошқаси ўтмишга шўнғишни ёқтирса, яна бошқаси кимёвий тажрибалар ўтказишни афзал кўрар. Бундай фарқлар, айниқса, юқори синфларда яққол сезила бошлайди. Бу нормал ҳолат. Ҳар бир ўқувчига «кўнглига яқин» соҳани аниқлашда ёрдам берар эканмиз, келажакда ҳар хил соҳадан малакали мутахассислар етишиб чиқиши учун замин яратамиз.

Ўқувчилардан бир пайтнинг ўзида ҳам яхши физик, ҳам яхши адабиётшунос бўлишни, ижтимоий фанларнию табиатшуносликни бирдай зўр билишни талаб қилсак, келажакда «бўлганича бўлар» қабилида ўқиган, ҳеч бир соҳани яхши билмайдиган битирувчиларни етиштириб чиқаришимиз мумкин.

«Бешлар сотиб оламиз»?

Тасаввур қилинг, бир бола еттинчи синфлигиданоқ келажакда муҳандис бўлишга қарор қилиб, математика ва физика билан жиддий шуғуллана бошлади. Нега унинг тарих ва адабиётдан олган баҳолари Политехника институтига кираётганда балларига таъсир қилиши керак? Ҳа, дунёқарашни кенгайтириш учун барча фанлар муҳим, лекин институт учун «кенг дунёқараш» эмас, абитуриентнинг муҳандислик билимларини ўргана олишга қай даражада тайёрлиги муҳимроқ бўлиши керак эмасми?

Агар ўз келажаги ҳақида бир қарорга келган ўқувчи унга тарихдан уч ҳам етарли экани, лекин эртага кириш имтиҳонига аттестатдаги шу уч ҳам таъсир қилишини олдиндан билса, ота-онасидан муаммони ҳал қилиб беришни сўрайди.

Шунда ота-она ўқитувчи билан гаплашиб кўриши ва уч «сеҳрли тарзда» тўртга, ҳатто бешга айланиши мумкин. Байрамлар арафасида совғалар бериб туриш мумкин. Ёки директорга мактабни таъмирлашда ёрдам таклиф қилиш мумкин, сўнгра директор ўқитувчидан керакли баҳони қўйиб беришни илтимос қилади ёки мажбурлайди.

Ҳозирги тизимимизда ўқитувчи қўйган баҳо ўқувчининг ҳақиқий билим даражасига қанчалик тўғри келишини текширувчи ҳеч қандай механизм мавжуд эмас. Яъни, агар юқоридаги қарор лойиҳаси кучга кирадиган бўлса, мактаб даражасидаги коррупциянинг ошишига олиб келади.

Лойиҳа муҳокамаси тагида қолдирилган изоҳларда айрим фойдаланувчилар шу бўйича хавотирларини билдиришган.

Кимдир эътироз билдириши мумкин: электрон кундалик ва баҳолар киритиб бориладиган электрон платформанинг бўлиши коррупциянинг олдини олишга ёрдам беради, деб. Электрон кундалик баҳолар тизимга тушгандан кейинги ўзгартиришларнинг олдини олар, эҳтимол. Аммо баҳолар кундаликка киритилишидан олдин «гаплашиб олиш»га ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди. Таълим тизимидаги ҳар бир ходимга биттадан Коррупцияга қарши кураш агентлиги вакилини бириктириб қўя олмаймизку?

Эҳтимол, лойиҳа муаллифлари бу билан ўқувчиларни, айниқса, юқори синф ўқувчиларини «соядаги таълим» ҳисобланмиш ўқув марказлари ва репетиторлардан мактабга қайтаришмоқчи бўлишгандир. Бу яхши қарор деб ўйламайман. Ўқувчиларни соядаги таълим «қучоғи»га бошқа сабаблар ундамоқда: давлат стандарти талаблари ва кириш тестлари ўртасидаги жардек тафовут, синфлардаги ўқувчилар сонининг кўплиги ва натижада ўқитувчидан сифатли фидбек (қайта алоқа) олиш имконсизлиги, ўқитувчиларнинг ўзларида билимнинг балким етишмаслиги ҳам.

Сабабларни ҳал қилмасдан туриб оқибатлар билан курашиш нафақат самара бермайди, балки янги муаммолар туғдириши мумкин. Ўқувчилар репетиторларга қатнашда давом этаверади, қўшимчасига керакли баҳони «қўйиб беришлари» учун мактаб билан «гаплашишлар» бошланади.

Таълим тизими иштирокчилари ҳатти-ҳаракатларига таъсир этувчи қарорларни қабул қилишдан олдин педагогика илмининг асосий тамойилларини ҳисобга олиш, юзага келиши мумкин оқибатларни обдон кўриб чиқиш лозим. Ҳар қачон ҳам яхши ният яхши оқибатга олиб келавермайди. Айниқса, нохуш оқибатларнинг олдини олиш учун зарур механизмлар бўлмаса.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Мақола таржимаси Khan Academy Uzbek томонидан тақдим этилди.