Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Халқ депутатлари кенгашининг сессиясида Наманган вилоятини ҳар томонлама ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Бу хақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилиш доирасида «Маҳаллабай» тизимда тадбиркорликни ривожлантириш учун 850 млрд сўм кредитлар ажратишга кўрсатма берилди.

Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан вилоятга 60 млн доллар ажратилиши маълум қилинди. Бунинг ҳисобидан Наманган шаҳри иссиқлик тизимини қайта қуришга 15 млн доллар, эски шаҳар инфратузилмасини яхшилаш ва каналлар қирғоқларини ободонлаштиришга 10 млн доллар, маҳаллалардаги драйвер лойиҳаларни молиялаштиришга 10 млн доллар, лимончиликни ривожлантиришга 10 млн доллар йўналтирилади. Кичик ва ёшлар саноат зоналарига, ички ва зиёрат туризмини ривожлантиришга, кредитлар фоизининг бир қисмини қоплашга 5 миллион доллардан берилиши айтилди.

Шу билан бирга, Наманган вилоятида 2021−2022 йилларда умумий қиймати 23 трлн 700 млрд сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши қайд этилди. Ушбу маблағлар билан амалга ошириладиган 1 минг 728 та лойиҳа орқали 66 мингдан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда.

«Наманганга ўттиз йиллик тарихда бунча маблағ келмаган. Агар шуни тўғри, самарали йўналтириб ишлатсак, вилоятнинг иқтисодиёти жадал ривожланади, ҳамма туманларга саноат кириб боради, одамлар ишли бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

17 минг гектар ер ажратилиб, 200 минг нафар ёш, пахта кластерлари томонидан ҳар бир туманда тикувчилик корхоналарини ишга тушириб, 10 минг нафар аёллар бандлигини таъминлаш вазифаси белгилаб берилди.

Янгиқўрғон картошкачилик маркази, Венгрия билан ҳамкорликда картошкачилик йўналишида илмий-тадқиқот институти ташкил этиш борасида топшириқ берилди.

2021 йилда вилоятда 160 километр ичимлик суви ва 11 километр оқова тармоқлари қуриш учун бюджетдан 59 млрд сўм ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қўшимча 100 млрд сўм ажратилиши маълум қилинди. Бунинг натижасида яна 167 минг нафар аҳоли тоза ичимлик сув билан таъминланиши айтилди.

Шавкат Мирзиёев ёшлар билан алоҳида суҳбатлашди ва улар айтган таклифларни, бизнес-режаларини қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

«Ёшларнинг кўзида эртанги кунга ишонч кўрсам, очиғи, ҳамма чарчоқларим чиқиб кетади! Мана шундай билимли, жонкуяр, изланувчан ёшлар ҳамма соҳаларда ўзгариш қилади. Биз уларга кенг йўл очиб, ҳар томонлама ёрдам беришимиз керак», — деди давлат раҳбари.