Ҳозирда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси давом этмоқда. Унда Шавкат Абдуразоқов вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланди Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Президент кун тартибидаги асосий масала вилоят ҳокимини тасдиқлаш эканлигига эътибор қаратди.

«Кун тартибидаги муҳим масала — Наманган етакчисини топишимиз керак. Нуронийлар, ёшлар, халқнинг фикрини билиб, бунга ечим топишимиз керак. Наманганни тушунадиган, узоқ-узоқ ҳудудлардаги, Янгиқўрғон, Чустдаги аҳвол қандай эканлигини биладиган одамни қўйишимиз керак. Биласизми, ҳар битта вилоятда шундай раҳбарни 5 йил олдиндан тайёрлашни бошлашга мажбур бўлганман», — деди у.

«Наманган тумани ва шаҳрида ишлаган, уни олиб кетиб, Тошкентдаги кабинетларни кўрсатганман, уларни эшигини қандай очишни ўргатганман. Шунинг учун Шавкат Абдуразоқов номзодини таклиф этмоқчиман. Ҳозирги лавозимга Абдуразоқовдан бошқа муносиб номзод йўқ», — деди давлат раҳбари.

Давлат раҳбари таклифига биноан депутатлар 2020 йилнинг сентябридан бери Наманган ҳокими вазифасини бажарувчиси сифатида ишлаб келаётган Абдуразоқов Шавкат Шокиржоновни вилоят ҳокими лавозимига маъқуллади.

Шавкат Абдуразоқов Президент ва жамоатчилик вакилларига билдирилган юксак ишонч учун катта миннатдорлик билдирди. «Ота-онамга хизмат қилгандек, Ватанимга хизмат қилишга ваъда бераман», — деди у.

Шавкат Абдуразоқов 1976 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 1998 йилда Намаган саноат-технология институти, 2006 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиш академиясини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида Намаган вилояти ҳокимлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда (2001−2015 й) ишлаган. Шунингдек, Наманган тумани ҳокими (2015−2017), Наманган шаҳри ҳокими (2017−2020), Давлат экология қўмитаси раиси (2020 й), Наманган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида (2020 йилдан ҳозирги кунга қадар) фаолият юритмоқда.