Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди 9 ноябрь куни Сўх тумани Чашма қишлоғида қўшни давлат фуқаролари билан сув масаласидаги можарода иштирок этган 22 нафар фуқарога нисбатан қўзғатилган ишни кўриб чиқишни бошлаган эди.

Дастлабки тергов органи томонидан 22 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ҳамда 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан айблов эълон қилган эди.

Навбатдаги суд мажлисида беш нафар жабрланувчи ва бир нафар гувоҳнинг 2020 йилнинг 31 май куни содир бўлган воқеа бўйича кўрсатуви тингланди, дея ёзмоқда Daryo.uz нашри.

Бизда айб йўқ, тинчликни сақлагани борган эдик

«30 майдан 31 майга ўтар кечаси хизматда эдим. 31 май куни Чашма қишлоғида фуқаролар ўртасида ўзаро низо келиб чиққани ҳақида хабар қилишди. Ўша куни соат 11:00 да оммавий тартибсизликларни бартараф қилиш учун Чашмага чиқдик. Биз Чашмага етиб борганимизда у ерда ИИБ ходимлари, чегарачилар ва мансабдор шахслар бор экан. Ўзбекистон томонидан ҳам, Қирғизистон томонидан ҳам тошлар отилаётган эди. Биз тартибни сақлашга ҳаракат қилдик. Одамларни ҳимоя қилиб, жонли деворда турдик. Одамлар бизни чегаранинг охирги нуқтасигача суриб олиб борди.

Одам жуда кўп эди. Кўпчиликнинг ичида кимдир шеригимнинг қуролини тортиб олишга уринди. Лекин қуролни ололмади. Шеригим қуролини бўйнига осиб олганди. Шу қуролининг ипига бўғилиб, ҳушидан кетиб қолди. Мен уни четга олиб чиқиб, ўзига келганидан кейин тез ёрдам машинасида шифохонага жўнатиб юбордим. Кейин хизматни давом эттирдим. Тошбўрон тунги 23:20 ларга қадар давом этди. Кечқурун Фарғонадан ИИБ ходимларидан иборат махсус бўлинма етиб келди. Кейин тарқалди одамлар.

Тўполонда менга ҳам тош тегди. Қовоғим ёрилди. Тошни ким отганини аниқ билмадим, лекин уни бизнинг фуқароларимиз отган эди. Оммавий тартибсизликларда кўпчилик жароҳат олди. Бизда нима айб, биз тинчлик сақлагани борган эдик у ерга. Жароҳатим бўйича тиббий ёрдам олдим. Лекин шикоят қилмаганман. Судланувчилардан бирортасини танимайман. Уларга ҳеч қандай даъвойим йўқ", — деди жабрланувчи И.Ш.

Икки марта ўқ узилди

«Бу суд жараёнлари ҳақида анчадан буён эшитяпмиз, ўқияпмиз. Блогер дўстларимиз ҳаммасини ёритиб боришяпти. Адолатли суд бўляпти. Бунинг учун раҳмат сизларга.

31 май, якшанба дам олиш куни бўлгани учун уйда эдим. Бир вақт тез ёрдам ва ўт ўчириш машиналарининг овози эшитила бошлади. Ҳамма жойни шовқин, ваҳимали овозлар босиб кетди. Нима бўлганини билиш мақсадида кўчага чиқдим. Қарасам, ҳамма Чашма томонга қараб кетяпти. Касбим туфайли тумандаги масалалар билан қизиқиб, суриштириб тураман. Айниқса, тез ёрдам ёки ўт ўчириш машинаси овозини эшитсам, нима ҳодиса бўлганини билишга ҳаракат қиламан. Тиббиётга — бош шифокорга, ички ишларга ёки ёнғин хавфсизлиги бўлимига телефон қилиб, нима бўлганини сўрашга одатланганман. Ўша куни ҳам нима бўлаётганига аниқлик киритиш учун ишхонага бордим. Билсам, жуда нотинчлик. Чашмада жанжал чиққанини айтишди. Ишхонада ўтира олмадим. Ҳокимиятдагилар билан боғлансам, улар Чашмага кетиб бўлган экан. Тезда йўлга чиқиб, ўша ерга етиб бордим. Одам жуда кўп эди. Машинада тепагача чиқишнинг иложи йўқ экан. Машинани пастроқда қолдириб, у ёғига пиёда чиқдим.

Кўчанинг бошида вилоят ҳокимининг машинаси турган экан. Мен ҳам ўша томонга бордим. Вилоят ҳокими ўша ерда тўпланиб турган одамларни тинчлантириб, тушунтиришга ҳаракат қилаётган эди. «Мен бор, давлат бор, ўзимиз ҳал қиламиз ҳамма муаммони. Сизлар тинчланинглар, тарқалинглар», — деди вилоят ҳокими. Ўша ердаги аҳоли Чашмадан ҳам сув ичади, ҳам ерларини суғоради. Чашма бўлмаса, улар сувсиз қолиб кетади. Шунинг учун одамлар Чашма бизники, деб талашишди.

BBC Uzbek видеосидан лавҳа.

Мен ҳам одамларни тартибга чақиришга ҳаракат қилдим. Одамлар энди тинчланганида ё тез ёрдам, ё ўт ўчириш машинаси ўтиб қоларди ва яна шовқин, тўполон бошланиб кетарди. Одам кўп, вазият ваҳимали эди. Биров бировни танимайдиган ҳолат. Бир дона, бир донадан икки марта ўқ узилганини эшитдим. Тепадан жуда кўп тошлар отилди. Менга ҳам тош тегди. Кўз олдим қоронғилашиб кетди. Четга чиқиб, ўн дақиқача деворга суяниб турдим. Ўзимни бир текширтириб, аҳволимни билиш учун шифокорларга кўриндим. Кейин билсам, қон босимим кўтарилиб кетган экан. Лекин ҳеч кимга шикоят қилмадим. Кейин ишхонага кетиб, куни билан ўша ерда бўлдим. Шунинг учун қолган воқеалар қандай бўлганини кўрмадим. Қирғизлар палахмондан ўт отиб, иккита уйни ёқиб юборишганини эшитдим. Ёниб кетган уйларни ҳукуматимиз тўлиқ тиклаб берди. Лекин у ерда ҳеч ким яшамаяпти ҳозир. Пастроқдан бошқа уй қилиб берилган уларга. Судланувчиларнинг ҳаммасини танийман. Кўплари ўзимнинг ўқувчиларим. Уларни воқеа жойида кўрмаганман. Судланувчиларга ҳеч қандай даъвойим йўқ", — деди жабрланувчи Ф.М.

Машиналарнинг ойнаси синиб ётган экан

«Туман ҳокимлигида ишлайман. 31 май якшанба куни эди. Эрталаб ишхонадан телефон қилиб, чақиришди. Ҳокимиятга бориб, хонамда ишлаб ўтиргандим. Соат 11:00 да телефон бўлди. Чашмада жанжал бошланганини айтишди. Телевидение ходимлари билан Чашмага бордик. Машинадан 11-мактабнинг олдида тушиб, кейин тепага қараб юрдик. Тепада жуда кўп одамлар тўпланиб турганини кўрдим. Вилоят ҳокими ўша ерда одамлар билан суҳбатлашаётган экан. «Сизлар орқага қайтинглар, ўзим бориб ҳамма муаммони ҳал қиламан», деди вилоят ҳокими.

Сўхда шунақа одат бор: 27 та маҳаллада яшайдиган одамларнинг ҳаммаси бир-бирини танийди. Исмини билмаса ҳам, ким нима иш қилишини, қаерда ишлашини билишади. Мен кўп йиллар телевидениеда ишлаганман. Кўпчилик буни билади. Шунинг учун мендан бўлаётган воқеаларни тасвирга олишимни талаб қилишди. Мен ҳозир телевидениеда ишламаслигимни, ёнимда камера йўқлигини, съёмка қилолмаслигимни айтдим. Лекин одамлар бу гапларни тушунишни исташмади. Мени ўртага олиб, бир неча марта тасвирга туширишимни талаб қилишди. Ўзи жигарим оғрийди, анчадан бери касал эдим. Оломоннинг орасидан зўрға чиқиб олдим. Кейин ишхонага қайтиб кетдим.

Судланувчиларнинг ҳаммасини танийман. Лекин воқеа жойида уларнинг ҳеч бирини кўрмаганман. Қирғизлар томондан махсус палахмонда тош отишганини кўрдим. Ўша жойда битта Nexia ва битта ҳарбий машинанинг ойналари синиб ётган эди. Лекин машиналарга ким қачон тош отганини, ойналарини синдирганини билмайман", — деди гувоҳ А.Ж.

Фото: Daryo.

Жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари тинглангач адвокатлар ва прокуратура ходими уларга саволлар билан мурожаат қилди.

Суд 12 февраль, жума куни ўз ишини давом эттиради.

Маълумот ўрнида, ушбу жиноят иши доирасида 9 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш ва 13 нафар шахсга уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган. Судланувчилар орасида икки нафар вояга етмаган шахс ҳам бор. Судда вояга етмаган судланувчиларнинг қонуний вакиллари иштироки таъминланган.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» август охирида олти нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва улар орасида Фарғона вилояти собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги делегацияга тош отган фуқаро ҳам бўлгани ҳақида ёзган эди.

Олти нафар айбланувчи қаторида, шунингдек, 22 ёшли Дадахон Ҳайдаров [июнь ойида бўлиб ўтган бош вазир билан учрашувда ҳокимни ўзгартиришни сўраган сўхлик видеоблогер] ва 28 ёшли Дилмурод Махбубов ҳам қўлга олинган эди. Кейинчалик, 2 сенятбрь куни улар тергов айблов қўя олмагани боис қамоқдан озод қилинганди.