Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича суди 9 ноябрь куни Сўх тумани Чашма қишлоғида қўшни давлат фуқаролари билан сув масаласидаги можарода иштирок этган 22 нафар фуқарога нисбатан қўзғатилган ишни кўриб чиқишни бошлади. Бу ҳақда Олий суд сайтининг очиқ маълумотларида келтирилган.

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ҳамда 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) билан айблов эълон қилинган.

Олий суд маълумотига кўра айбланувчилар: Махмадалиев Шохзод Жанобидинзода, Собиров Исмоилбек Музаффаржон Ўғли, Хасанов Руслан Валижонович, Жураев Назиржон Обидович, Оташов Ойбек Сайидзода, Шодиев Баходиржон Жамолидинович, Зайлобов Зайлобидин Улуғбекзода, Олимов Шоҳромбек Рустамзода, Сафаржонов Хуршедбек Баротзода, Раҳмоналиев Хурсанжон Суҳробзода, Ахроров Фирдавс Мулохусенович, Маллаев Давлатжон Намирализода, Мирзожонов Шоҳбоз Яхёзода, Жураев Ёдгоржон Қутбидинович, Миршарипов Равшанжон Жумабоевич, Ахмедов Махсум Бобохожиевич, Исматов Сардор Ҳабибуллозода, Боронбоев Жасур Оламзода, Парпиев Сухробжон Мухторович, Холматжонов Достонбек Давронжонович, Жонузоков Фуркатжон Абдурасулович, Фозилжонов Бахтиёржон Атабекович.

Daryo.uz нашрининг маълум қилишича, айбланувчилар орасида икки нафар вояга етмаган шахс ҳам бор. Суд мажлиси беш соатга кеч қолиб бошланган ва карантин чекловларини инобатга олган ҳолда, ҳар бир айбланувчининг фақат икки нафар қариндошига рухсат берилган.

Суд ўз ишини 16 ноябрь куни давом эттириши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» август охирида олти нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ва улар орасида Фарғона вилояти собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги делегацияга тош отган фуқаро ҳам бўлгани ҳақида ёзган эди.

Олти нафар айбланувчи қаторида, шунингдек, 22 ёшли Дадахон Ҳайдаров [июнь ойида бўлиб ўтган бош вазир билан учрашувда ҳокимни ўзгартиришни сўраган сўхлик видеоблогер] ва 28 ёшли Дилмурод Махбубов ҳам қўлга олинган эди. Кейинчалик, 2 сенятбрь куни улар тергов айблов қўя олмагани боис қамоқдан озод қилинганди.

Айбланувчиларга 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми билан — уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин.

ЖКнинг 244-моддаси билан эса — ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.