Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида майдони 280 507 гектар бўлган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклидаги «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумотларга қилинишича, буюртма қўриқхонасининг асосий мақсади қирғоқ ландшафтлари, каналлар, коллекторлар ва улардаги сув оқими, сув атрофида яшовчи қушлар, ноёб, йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган балиқлар, йиртқич қушлар ва сут эмизувчи ҳайвонларни сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта кўпайтиришдан иборат.

Қарорга асосан, Давлат экология қўмитасига 2021 йил якунига қадар Судочье кўлини халқаро аҳамиятга (Рамсар конвенцияси) эга бўлган сувли-ботқоқ жойлар рўйхатига киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилди.

Қўмита маълумотларига кўра, ҳозирда 6 та давлат қўриқхонаси, 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, 6 та табиат боғи, 1 та миллий боғ, 11 та табиат ёдгорлиги, 2 та биосфера резервати, 12 та буюртма қўриқхонаси, 1 та Жайрон махсус питомниги мавжуд. «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилиши натижасида уларнинг умумий майдони 3,521 млн гектардан 3,801 млн гектарга ёки мамлакатимиз ҳудудининг 7,84% дан 8,46% га кўпайди.