Тошкентдаги «ЦУМ» қаршисида жойлашган «Мовий гумбазлар» хиёбонида мустақилликнинг 30 йиллигига бағишлаб «Истиқлол» мажмуаси қурилишига қарши имзо кампанияси бошланди. Петиция имзо кампанияларини ўтказишга мўлжалланган хорижий платформада ўтказилмоқда.

«Биз — боғни ҳозирги ҳолатда сақлаб қолишни истаётган фуқаролармиз. Биз — шаҳар ландшафти ва боғдаги дарахтларнинг кесилишига қарши фуқаролармиз. Биз — шаҳар ҳокимлигидан объектни маҳаллаларнинг бузилиши ҳисобига юзага келган бўш ҳудудларга қуриш бўйича мурожаат қилаётган фуқаролармиз. Умид қиламизки, бизнинг овозимизни эшитишади!», — дейилади петицияда.

Daryo.uz нашрининг маълум қилишича, боғнинг ўзида ҳам имзолар тўпланмоқда. Шунингдек, кампания бўйича маълумотларни ёритиб бориш мақсадида Telegram’да «Космонавтлар боғимизни ҳимоя қиламиз» номли канал ҳам очилган.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 17 декабрдаги қарори билан пойтахтда «Истиқлол» мажмуаси ташкил этилади ва у ерда мустақилликнинг мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган ёдгорлик композицияси барпо этилиши белгиланди. Шундан сўнг 3 февралда Тошкент ҳокимлиги «Истиқлол» мажмуаси концепцияси лойиҳасини яратиш учун танлов эълон қилди.

Мажмуани барпо этиш жойи сифатида Шароф Рашидов, Ислом Каримов ва Афросиёб кўчалари оралиғида, Марказий универмаг (ЦУМ) қаршисидаги ҳудуднинг танлангани жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлди. Бунга жавобан пойтахт ҳокимлиги мажмуа майдондаги кўп йиллик манзарали дарахтларни сақлаб қолган ҳамда ҳозирги хиёбон фаолиятига таъсир қилмаган ҳолда барпо этилишини маълум қилди.