Туркиянинг Соғлиқ билимлари университети филиали ўз фаолиятини Гулистонда 2021−2022 ўқув йилидан бошлаб амалга оширади. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумотга кўра, филиалда бакалавриат таълим йўналишида ўқитиш жараёни 3+3 (3 йил Ўзбекистонда, 3 йил Туркияда) ташкил этилади, бунда 30 фоиз талабалар университет маблағлари ҳисобидан ажратиладиган грантлар асосида ўқитилади.

Қайд этилишича, нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланадиган ушбу филиалда ўқитиш кундузги таълим шаклида, давлат ва инглиз тилларида амалга оширилади.

Бундан аввал Тошкент шаҳрида 2021/2022 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлайдиган «Санкт-Петербург давлат университети» Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали ташкил этилиши ҳақида хабар берган эдик.