Тошкент шаҳрида «Санкт-Петербург давлат университети» Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали ташкил этилади.

Президент қарорига кўра, ушбу филиал университетнинг алоҳида таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, таълим фаолиятини 2021/2022 ўқув йилидан бошлайди.

Филиалда кадрлар тайёрлаш кундузги, кейинчалик сиртқи ва бошқа таълим шаклида олиб борилади.

Битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган университетнинг белгиланган намунасидаги дипломи берилади.

Бунда давлат гранти асосида таълим олган филиал битирувчилари 3 йилдан кам бўлмаган муддатга мажбурий ишлаб бериш шарти билан Ўзбекистоннинг давлат органлари ва ташкилотларига тақсимланиши маълум қилинди.

Тўлов-контракт миқдори филиал томонидан белгиланади.

Филиалда ўқиш бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича қуйидаги йўналишларда ташкил этилади:

● Филология (шарқ тиллари бўйича);

● Мамлакатшунослик ва хорижий мамлакатлар иқтисодиёти (шарқ мамлакатлари бўйича);

● Биотиббиёт (кимё, биология, физика, психология ва бошқалар).

Талабаларни ўқишга қабул қилиш давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Университетнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.