Қирғизистонда Мудофаа вазирлиги қайта тузилади

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Мудофаа вазирлигини қайта тузишга қарор қилди. «Қирғизистон Республикаси Мудофаа давлат қўмитаси ва Қирғизистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби базасида Қирғизистон Мудофаа вазирлигини ташкил этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин», — дейилади президент фармонида. Матбуот хизматининг хабар беришича, Мудофаа вазирлигини ташкил этиш тўғрисидаги фармон Жапаров томонидан «қуролли кучларни бошқариш тизимини янада ривожлантириш мақсадида» имзоланган. Мамлакат Мудофаа вазирлиги 1993−2015 йилларда мавжуд бўлиб, ундан сўнг президент Aлмазбек Aтамбаев даврида Мудофаа ишлари бўйича давлат қўмитаси этиб қайта тузилган. Кейинчалик, президент қарори билан мамлакатнинг барча куч ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари, шу жумладан Мудофаа ва мудофаа ишлари бўйича давлат қўмитаси Бош штабга бўйсундирилди. — Қирғизистон президенти матбуот хизмати.

Сингапур пандемия сабабли чет эл фуқароларининг мамлакатга кириш қоидаларини кучайтирди

Сингапур ҳукумати 1 февралдан бошлаб мамлакатга чет элликларнинг киришига қўйилган талабларни кучайтирди. Шу билан бирга, коронавирус билан боғлиқ касалликларни даволаш харажатларини қоплаш учун тиббий суғурта сотиб олиш мажбурияти қўйилди. Шунингдек, ҳукумат саёҳатларнинг соддалаштирилган тартибида ишлайдиган давлатлар сонини камайтирди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғидан келиб чиққан ҳолда, 1 февралдан бошлаб барча чет эл фуқаролари республикага келишидан олдин тиббий суғуртани сотиб олишлари шарт бўлади, уларнинг қопланишининг энг кам қиймати 30 минг Сингапур долларини (22,5 минг доллар) ташкил этади. «Суғурта COVID-19 томонидан келиб чиққан касалликларни даволашни таъминлаши керак», — дейилади вазирлик баёнотида. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги 1 февралдан бошлаб Германия, Малайзия ва Корея Республикаси билан яшил коридор тизими уч ойга тўхтатилишини маълум қилди. — ТАСС.

Жанубий Кореяда кучайтирилган карантин чоралари 14 февралга қадар узайтирилди

Корея Республикаси ҳукумати Шарқий янги йил байрами арафасида ва уни нишонлаш пайтида коронавирусни оммавий юқтиришнинг янги ҳолатлари пайдо бўлиши эҳтимоли билан боғлиқ равишда ижтимоий масофани сақлаш бўйича қатъий чораларни 14 февралга қадар узайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Соғлиқни сақлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Кан Дэ Хонинг таъкидлашича, агар касалликнинг ўсиши қайта тикланса, мамлакат пандемиянинг яна бир тўлқини остида қолиши мумкин. Карантин режими вазиятнинг ривожланишига қараб бир ҳафта ичида тўғриланиши мумкин. Ҳозирда мамлакатнинг пойтахтида беш балли тизимда ижтимоий масофанинг тўртинчи даражасини, бошқа ҳудуларда эса камроқ даражани жорий қилди. — KBS.

Италияда коронавирусга қарши вакцинация таҳдид остида

Италияда коронавирусга қарши эмлаш таҳдид остида колмоқда — мамлакатда дори таъминоти билан боғлиқ жиддий муаммолар мавжуд. Бу ҳақда фавқулодда вазиятлар бўйича комиссар Доменико Aркури маълум қилди. Унга кўра, мамлакатда етказиб бериладиган вакциналар сони илгари режалаштирилганидан 60 фоизга кам. «Биз вакцинация режасини Италияга 28,6 млн дозали вакцинани етказиб беришни ўз ичига олган схема бўйича бошладик. Энди биз 11,2 млн дозани етказиб берадиган схема бўйича ишлаяпмиз», — дея тушунтирди Aркури. Январнинг сўнгги ҳафталарида АҚШнинг Pfizer компанияси Италияга вакцина етказиб беришни аввалига 29 фоизга, сўнгра 20 га қисқартирди. Мамлакатда AstraZeneca вакцинаси ишлаб чиқарадиган компания билан ҳам муаммолар бор — уни 55 ёшдан катта одамларга қўллаш тавсия этилмади. — Cosenza Channel.

IKEA экотизимни сақлаб қолиш учун AҚШда деярли 4,5 минг гектар ўрмон ерини сотиб олди

Швециянинг IKEA чакана савдо тармоғи ноёб экотизимни сақлаб қолиш ҳамда у ерда қурилиш ва ресурсларни саноат томонидан ишлатилишининг олдини олиш учун Жоржияда (AҚШ) 4450 гектар ўрмон ерини сотиб олди. Компания бизнесни масъулият билан олиб боришга ҳаракат қилаётганини ва ишлаб чиқаришда ишлатилганидан кўра кўпроқ ўрмонларни тиклаш керак деб ҳисоблайди, дея ёзмоқда нашр. IKEA маҳаллий ёғочни қайта ишлаш саноатини қўллаб-қувватлашда давом этишини ва аҳолининг ўрмон майдонининг катта қисмидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишини таъкидлади. 2014 йилда компания ва унинг бош компанияси AҚШ, Эстония, Латвия, Литва ва Руминияда қарийб 248,1 гектар ўрмонзор сотиб олди. — CNN.