Садир Жапаров Қирғизистон Республикаси президенти лавозимидаги фаолиятини бошлади, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати. Инаугурация маросими Миллий филармония биносида бўлиб ўтди ва мамлакат телеканаллари орқали жонли эфирда намойиш этилди.

Инаугурация маросимидаги нутқида Қирғизистондаги вазият ва қўшни мамлакатлар билан муносабатларга алоҳида тўхталиб ўтди.

«Биз Россияга, Қирғизистонда бўлиб ўтаётган воқеалар муносабати билан алоҳида ташвиш билдирган ҳолда, оғир кунларда бизга ҳар томонлама ёрдам кўрсатганлари учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», — деб айтди Қирғизистон раҳбари.

«Мен пандемия пайтида кўрсатилаётган ёрдам учун қўшниларимиз — Ўзбекистон ва Қозоғистонга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Бизнинг умумий тақдиримиз ва тарихимиз бор. Стратегик шериклар билан ҳамкорликни, иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши ҳисобланади», — деди Садир Жапаров.

Давлат раҳбари суверен Қирғизистон Америка, Европа ва Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик қилишга интилишини маълум қилди.

«Ҳозирги вазиятни яхши деб тан олишдан йироқман. Биз сўнгги 30 йил давомида тўпланган қарийб 5 млрд доллар миқдоридаги ташқи қарзни тўлай бошлаймиз. 2032 йилгача биз ташқи қарзни тўлиқ тўлашимиз керак», — деб айтди Садир Жапаров.

«Бизнинг фикримизча, дунё сиёсати ва иқтисодиётида, Марказий Осиёда, шу жумладан Қирғизистонда роли кун сайин ортиб бораётган қўшнимиз ва шерикимиз сифатида Хитой ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни давом эттиради», — дея қўшимча қилди Қирғизистон президенти.