27 январь куни Тошкент туманлараро маъмурий судида Юнусобод тумани Аҳмад Дониш ва Амир Темур кўчалари кесишмасидаги 65 та тадбиркорга тегишли бино ва иншоотлар жойлашган 6 га ер участкасини давлат ва жамият эҳтиёжи учун олиш тўғрисидаги ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Суднинг қарорига кўра, аризачи Uy Ro’zg’or Mollari, Nur Sexri Oshiyoni, Zar-Ziynat Biznes, Saida-Baroka, Glorius Justice, С. Росошанская ва Emisun Market’нинг талаблари тўлиқ қаноатлантирилди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 27 ноябрдаги «Ер майдонларида ободонлаштириш ва бузиш ишларини олиб бориш ҳақида"ги, 2019 йил 31 декабрдаги «Urban Developers» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонасига ер майдонини ажратиб бериш ҳақидаги ва Юнусобод туман ҳокимининг 2018 йил 18 декабрдаги «Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 27 ноябрдаги қарори ижроси ҳақида"ги қарорлари ҳақиқий эмас деб топилди.

Суд қарори устидан 30 кун ичида Тошкент шаҳар маъмурий судига шу суд орқали апелляция тартибида шикоят берилиши ёки протест келтирилиши мумкин.