Самарқанд вилоятида февраль охиридан бошлаб 15 минг нафар фуқаро корорнавирусга қарши эмланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси раҳбари Адхам Бахромов STVга маълум қилди.

«Самарқанд вилоятида февралнинг охири мартнинг бошида 15 минг киши коронавирусга қарши эмланади. Биринчи бўлиб вакцинани тиббиёт ходимлари ва соғлиқни сақлаш тизимидагилар, сурункали касаллиги бор катта ёшдаги кишилар қабул қилади. Босқичма-босқич тарзда мактаб ўқитувчилари ва болалар боғчалари тарбияловчилари эмланади. Болалар ҳам четда қолмайди», — деди у.

Самарқанд аҳолисини эмлашнинг шартли жойи сифатида 2-сонли Оилавий поликлиника танланиши кутилмоқда. Туман ва шаҳарлар аҳолиси кўп тармоқли поликлиникалар негизида ташкил этилган ҳудудий эмлаш пунктларида эмланадилар.

«Ҳозирда Ўзбекистон Россияда ишлаб чиқариладиган „Спутник V“ вакцинасини сотиб олиш учун музокаралар олиб бормоқда. 100 минг доза вакцина олиб келиниши кутилмоқда, лекин бу масала ҳали ҳал қилинади, чунки вакцина ўз юртида учинчи клиник синовларни ўтмоқда», — деди вилоят Санитария хизмати раҳбари.


«Биз минтақадаги аҳолининг қайси қисми ушбу касаллик билан зарарлангини аниқ билмаймиз. Бу кўплаб ҳолатларда касаллик аломатларсиз ёки енгил формада ўтаётганлиги билан боғлиқ. Биз ҳозиргача касалликдан кейин шаклланган иммунитет қанча туришини, янги пайдо бўлган штаммлар ўзини қандай тутишини ва одамзот яна қандай муаммолар билан дуч келишини билмаймиз», — деди Адхам Бахромов.

Эмловчи ходимларни, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимларини, эмлаш жойларини қабул қилинадиган вакцинани сақлаш ва транспортировка қилиш шароитларига мос равишда тайёрлаш кераклиги айтилди.

«Хитой вакцинасини сақлашда, худди бошқалари каби, ҳарорат режимини таъминлаб туриш муҳим. Бунда транспортировканинг асосий қоидаларига риоя қилиш керак», дейилади хабарда. Вилоят санитария-эпидемиология раҳбарининг айтишича, ушбу мақсадда вакцинани керакли ҳароратда транпортировка қиладиган 16 дона авторефрежираторлар сотиб олиш режалаштирилган.