Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан ортиқлиги таъкидланди. Бу аҳолининг қарийб 55 фоизини ташкил этади.

Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар муаммолари бўйича ишлар иккита муҳим йўналишда ташкил қилиниши зарурлигини кўрсатиб ўтди. Биринчиси — ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш бўлса, иккинчиси — ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш.

«Ҳозирги кунда 18−30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз ёки 844 минг нафарни ташкил этмоқда (бу умумий ишсизлик даражасидан 1,5 бараварга кўп). Ҳисобга олинмаган ишсизлар сони эса бундан-да юқори», — деб президент сўзларини келтиради «Газета.uz» мухбири.

Ҳудудларда ёшлар орасидаги ишсизликка тўхталиб, Фарғона вилоятида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 703 минг нафар ёшларнинг 81 минг нафари ишсиз эканлиги айтилди. 35 минг нафари ёшлар эса хорижга чиқиб кетган.

Йиғилишда бу муаммоларни манзилли ҳал этиш учун ҳар бир туман ва шаҳар кесимидаги устувор вазифалар кўрсатиб ўтилди. Унга мувофиқ

  • ҳокимнинг иқтисодиёт, инвестициялар ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари — бандлик масалаларига;
  • солиқ идораси, савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари раҳбарлари — ёшларни тадбиркорликка жалб қилишга;
  • ҳокимнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари — ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга;
  • туман прокурори, ички ишлар ва мудофаа бўлими бошлиқлари — уюшмаган ёшлар билан ишлаш, жиноятчиликни жиловлаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга масъул бўлади.

2021 йилда 500 минг нафар ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш зарурлиги таъкидланди. Туман ва шаҳарларда анъанавий ёки масофавий ўқув курсларини кўпайтириш, ишсиз ёшларни ушбу тизим орқали касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиб, бандлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

«Ишга марҳамат» мономарказлари ҳамда касб-ҳунар коллежларини асбоб-ускуна билан таъминлаш, касб стандартларини ишлаб чиқиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш вазифалари белгиланди.

«Ёшлар: 1+1» дастури доирасида ўғил-қизларни тадбиркорларга бириктириб, уларда бизнес кўникмаларини шакллантириш, имтиёзли кредитлар ажратиб, ўз фаолиятини бошлашга кўмаклашиш зарурлиги айтилди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига жойларда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.