2020 йилда «тез ёрдам» хизматига деярли 11,5 миллионта мурожаат келиб тушган, дея хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

«Ўтган йил шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизматининг ходимлари учун анча серташвиш йил келди», — дейилади вазирлик ахборотида.

Унга кўра, «103» хизмати 2019 йилда 10 миллионга яқин чақириқни қабул қилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 11 ярим миллионга яқинлашган.

Энг кўп чақириқлар Фарғона, Андижон, Тошкент, Наманган вилоятлари ва пойтахтда (1 миллиондан зиёд) келиб тушган бўлиб, энг кам мурожаат Навоий (355 мингдан ортиқ) ҳамда Сирдарё (384 мингдан ортиқ) вилоятларида кузатилган.

«2020 йилги мурожаатлар сони ошганлигини пандемия шароити билан боғлаш мумкин. Чунки карантин даврида «COVID-19» ни юқтириш хавфи туфайли уйдан чиқишни афзал кўрмаганларнинг аксарияти «тез ёрдам»га қўнғироқ қилишди», — дейди вазирлик.

Июль ойида ССВ Тошкентда тез тиббий ёрдам хизматига кунлик мурожаат 2,5−3 баравар ошиб, 6000 дан ошганлигини таъкидлаган эди. Сенат раиси Танзила Нарбаева сўнгги икки йил ичида тиббий тиббий ёрдам машиналарининг ўз вақтида етиб келмаслиги сабаб 48 мингдан ортиқ ўлим ҳолати юз берганлигини маълум қилган эди.