Самарқанд давлат тиббиёт институти талабаси Н.М. фуқаро А.ни ишончига кириб, Қирғизистондаги университетга ўқишга киритиб қўйиш ва кейинчалик Самарқанд давлат университетига ўқишини кўчириб беришни ваъда қилгани маълум бўлди.

Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Самарқанд туман бўлими тезкор тадбир ўтказилган.

Самарқандлик талаба фуқародан талаб қилган 5 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

У БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланилиши мумкин.