SpaceX компаниясининг Falcon 9 ракетаси Ер орбитасига 143 та йўлдошни олиб чиқди ва битта ракета олиб чиққан йўлдошлар сони бўйича 2017 йилда қўйилган рекордни янгилади. Бу ҳақда CNN хабар берди.

2017 йилда Ҳиндистон космик агентлиги орбитага 104 та йўлдошни олиб чиққан эди.

SpaceX олиб чиққан сунъий йўлдошларнинг ўнтаси Starlink глобал тармоғи учун мўлжалланган. Компания ушбу йўлдошларни Ер юзидаги алоқа тармоқлари етиб бориши қийин бўлган ҳудудларни интернет билан таъминлашда қўлламоқчи.

Компаниянинг режаларига кўра, Starlink йўлдошлар тизими келажакда бутун Ер юзини интернет билан таъминлаши кўзда тутилган.

Шунингдек, чиқарилган бошқа турдаги сунъий йўлдошлар музли объектларни ва сув тошқинларини, шунингдек, бошқа турдаги табиат ўзгаришларини кузатиш учун қўлланилади.

143 та сунъий йўлдошли Falcon 9 ракетаси 23 январь куни учирилиши режалаштирилган эди. Аммо об-ҳаво шароитлари ўрганиб чиқилиб, режалар ўзгартирилган.