Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятидаги сафари доирасида IT-парк филиалига ташриф буюриб, 25 ёшли дастурчи, Monday Labs компанияси асосчиси Саидравшан Шокиров билан суҳбатлашди.

Президент ундан ўз компаниясини ривожлантириш учун нима зарурлигини сўради. IT-тадбиркор давлат раҳбаридан унга давлат лойиҳаларини ишониб топширишни илтимос қилди. Бунга жавобан Шавкат Мирзиёев давлат лойиҳаларини амалга оширишнинг учта устувор йўналишини — қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими соҳаларини таклиф этди.

«Қишлоқ хўжалигида қишлоқни ободонлаштириш жиддий давлат лойиҳаси. Сув, ер, ўғитлар. Соғлиқни сақлаш соҳасида пул билан катта давлат лойиҳасини тақдим этаман. Халқ таълими ҳам жиддий лойиҳа. Дастурий таъминот маҳсулотлари, фанларни қандай қилиб пухта ўзлаштириши, мактабдан кейин ўқитиш, билим бериш. Мен пул тўлайман. Қила оласанми?» — деб сўради президент.

Дастурчи ўз жамоаси билан лойиҳаларни бирма-бир амалга ошириши мумкинлигини маълум қилган.

Шавкат Мирзиёев Саидравшан Шокиров «энди унинг дўсти» эканлигини айтди. Кейин президент уни ёш дастурчи билан суратга олишни илтимос қилди.


Президент чет элда ишлаб, Ўзбекистонга қайтиб келган дастурчи Шахрулло Туқанов билан ҳам суҳбатлашди. У «ғоя билан тўхтаб қолиш керак эмас, агар керак бўлса, давлат максимал даражада, молиявий томондан ҳам қўллаб-қувватлайди», дея таъкидлади.

Давлат раҳбари ёш дастурчиларни ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича буюртмалар билан таъминлаш, «пул, куч ва вақтни тежайдиган» дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Президент ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантирмасдан ҳеч қандай ривожланиш бўлмайди, деб таъкидлади. «Буни ҳаммангиз тушунишингиз керак — бошқа илож йўқ», деди у.

Саидравшан Шокиров аввал президент билан суҳбатлашган. Декабрь ойи охирида давлат раҳбарининг ёшлар билан учрашувида дастурчи президентдан бир гуруҳ ёш IT-тадбиркорлар учун Facebook, Google ва бошқа йирик компанияларга экскурция уюштиришни илтимос қилган. Хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиб, Ўзбекистонга қайтгач, улар ушбу ечимларни мамлакатда татбиқ этишлари мумкин, деди у.

Давлат раҳбари ушбу таклифни тўғри деб топди ва бош вазирнинг маслаҳатчиси Олимжон Умаровга Саидравшан бошчилигидаги ҳудудлардан жамоани ташкил қилишни буюрди.