Уй-жой коммунал хизмати мамлакат бўйлаб кўп қаватли уйларда лифтларни таъмирлаш ва янгилаш ишларини бош пудратчи сифатида «Технопарк» компаниясига топширишни таклиф қилди. Лекин ҳукумат қарорига кўра, ижрочилар тендер ва танловлар асосида танланиши лозим эканлиги таъкидланган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу ҳолат бўйича ўз хулосасини берди.

Ҳукумат қарори билан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Ахборот технологиялари вазирлиги 2020 йил 1 декабрга қадар лифтларнинг техник ҳолатини назорат қилиш ва фавқулодда вазиятларни тезкор рўйхатдан ўтказиш учун рақамли платформа лойиҳасини ишлаб чиқиши ва уни амалга ошириши керак эди. Ушбу муддатни «Технопарк» компаниясини ижрочилар рўйхатига қўшиш билан бир қаторда 2021 йил 1 апрелигача узайтириш таклиф этилмоқда.

Қўмита хулосасида «Технопарк"ка юқоридаги вазифаларни топшириш «Рақобат тўғрисидаги» қонунга ва президентнинг 2017 йил 8 сентябрдаги фармонига зид эканлиги айтилган. Хусусан, бу билан алоҳида хўжалик юритувчи субъектларга асоссиз равишда эксклюзив ҳуқуқлар, индивидуал имтиёзлар ва преференциялар бериш билан боғлиқ бўлган пунктлар бузилмоқда.

Ҳукумат қарорига биноан 2021−2027 йилларда мамлакатда 3562 та лифтни таъмирлаш ва алмаштириш (84 та — таъмирлаш, 3478 та — алмаштириш) ва бунга 665 млрд сўм сарфлаш режалаштирилган.

Шунингдек, Spot хабарига кўра, «Андижон вилоят саноат маркази»га 100 гектар ер ажратиш ва бир қатор имтиёзлар бериш кўзда тутилган. Аммо қонунга кўра, ерлар электрон аукционлар асосида берилиши назарда тутилган.

Қўмитанинг таъкидлашича, иккала ҳолат ҳам монополияга қарши курашиш қонунчилигига тўғри келмайди.