19 январь куни Қонунчилик палатаси қўмитасида «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашга бағишланган фракциялараро мунозара ўтказилди.

Унда депутатлар шахсий автомобилда йўловчи ташишни лицензия талаб қилинадиган фаолият туридан чиқариб, ваколатли органларни хабардор қилиш тартибида амалга ошириладиган фаолият турлари рўйхатига киритиш таклифини илгари суришган. Бу билан таксичилик қилувчиларга енгиллик яратиш мақсад қилинган.

«Ушбу фаолият турини бир рўйхатдан иккинчи рўйхатга олиниши ҳайдовчиларга йўловчиларни шаҳар, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро енгил автомобилларда ташиш учун рухсатнома олиш жараёнини енгиллаштиради ва тўлов суммасини адолатли белгиланишига олиб келади», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этишга оид ҳуқуқбузарлик учун юридик шахсларларга нибатан жарима қўллаш институтини жорий этиш назарда тутилаётгани қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Қонун лойиҳасида юридик шахс жаримани бир ой давомида ихтиёрий тўлаган, шунингдек, амалга ошириш учун талаб этиладиган лицензия, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш тўғрисида мурожаат қилган ҳамда хабарнома юборганда, тайинланган жарима миқдорининг етмиш фоизи ундирилишига оид рағбатлантирувчи норма белгиланаётгани маълум қилинди.

Айтилишича, билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалар қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида кўриб чиқилади.