Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботиржон Қурбонов «Дарё» нашрига берган интервьюсида Ўзбекистонда коронавирусга қарши жамоавий иммунитет ҳосил бўлганлигини айтиб ўтган.

«Алоҳида айта оламанки, Ўзбекистонда ҳам жамоавий иммунитет ҳосил бўлган. 70−80 фоиз эмас, 30−40 фоиз атрофида бўлиши мумкин. Жамоавий иммунитет аҳолининг 70−80 фоизи даражасида ҳали шаклланмаган. Бу касаллик янги, вирус ўзига хос, беморда касалланишдан сўнг турғун иммунитет ҳосил бўлмайди, антитаначалар 3−4 ой давомида йўқолиб боради, шуни инобатга олиб, касаллик эпидемиологик тарзда яна авж олиши мумкинлигидан келиб чиқиб, огоҳликни сусайтирмаслик керак», — деди Ботиржон Қурбонов.

Ботиржон Қурбонов Санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги хизмати ва Вирусология илмий-текшириш интитути томонидан мамлакат аҳолиси орасида жамоавий иммунитет қай даражада шаклланганини ўрганиш бўйича изланишлар бораётганлигини маълум қилган. У жамоавий иммунитет қандай шаккланишига ҳам тўхталиб ўтган. Унинг айтишича, беморлар организмида антитаначалар йўқолмайдиган даражада пайдо бўлса ва йиллар давомида сақланиб турса, унда жамоавий иммунитет шаклланади. Жамоавий иммунитет ушбу одамлар гуруҳини бир қанча вақт давомида касалликдан ҳимоя қилади, дейди Санитария-эпдемиология хизмати раҳбарининг ўринбосари.

Олдинроқ, Хитой вакцинаси синофида иштирок этмоқчи бўлган кўнгиллиларнинг 30 фоизида коронавирусга қарши антитаналар борлиги аниқланганлиги ҳақида хабар берилган. Улар коронавирусни ўзи билмаган ҳолда, аломатларсиз ўтказган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош илмий ходими Сумия Сваминатан вакциналар касалликка тез чалинувчан одамларни ҳимоя қилишни бошлаганида ҳам, 2021 йилда оммавий иммунитет пайдо бўлмаслигини таъкидлаган, деб ёзади «Дарё».