Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати раҳбари Турсунали Акбаров АОКАда бўлиб ўтган брифингда Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди биноси олдида очлик эълон қилиб, ўз норозилигини билдирган Фотима Жўраева масаласида муносабат билдирди.

15 январь куни Facebook ижтимоий тармоғида ўзини блогер деб таништирган Фотима Жўраева (саҳифасида филолог, хусусий тадбиркор деб қайд этилган) ЖИБ Андижон судида UZ DONG YANG қўшма корхонасининг собиқ раҳбарларига оид ишни 4−5 ой муқаддам лавозимга тайинланган тажрибасиз судья кўраётгани, унга киритилган илтимоснома ва аризалар рад этилганини таъкидлаган. Шу боис, блогер айбланувчилардан сўнг, ўзи ҳам очлик эълон қилишини айтган.

«Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевдан (сўрайман), Ўзбекистонда адолат, ҳақиқат борми? Судларимизда мустақиллик борми? Қачонгача халқимиз бунақа қийналади. Мен ҳам кеча ҳақиқат, адолат учун оч қолишга, шу инсонлар билан шерик бўлишга аҳд қилдим. 12 соат бўлди, майли, Ўзбекистонда ҳақиқатга эришиш учун оч қолиб, ўладиган бўлсам, шунга ҳам розиман», — деган Жўраева.

Судьялар олий кенгаши вакили таъкидлашича, Фотима Жўраева шаҳар судида мазмунан кўриб чиқилаётган UZ DONG YANG қўшма корхонаси собиқ мутасаддилари ва бошқаларга оид жиноят иши бўйича бирор тараф ҳисобланмайди. У суд мажлисида «блогер сифатида ҳозир бўлиши ва жараённи кузатиши мумкин, холос».

Қайд этилишича, Жўраева судга қатнашиш бўйича ҳеч қандай чекловга дуч келмаган. Адвокатларнинг уч нафар судланувчи эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақидаги илтимосномаси бир неча млрд сўм зарар қопланмагани боис қаноатлантирилмаган.

«Эътибор беринг, адвокатларнинг илтимосномаси ва аризаси қаноатлантирилмаганига норозилик сифатида блогер очлик эълон қилмоқда. Унинг бундай хатти-ҳаракати нафақат ҳуқуқий малакаси ва маданияти етишмаслиги, балки нохолислиги, сунъий равишда вазиятга сиёсий тус бериб, шу орқали жамоатчилик эътиборини тортган ҳолда босим ўтказиш деб ҳисоблаймиз», — деди Турсунали Акбаров.

Мазкур ҳолатга тегишли ҳуқуқий баҳо берилиши лозимлиги ҳам қўшимча қилинди.

Бундан ташқари, Кенгаш вакили сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда «нима учун аксарият суд мажлислари жараёнини видеотасвирга олишга рухсат берилмаяпти?» каби саволлар муҳокама қилинаётганини айтиб, бу бўйича тушунтириш берди.

Унинг айтишича, бу жараён нозик ва хассос бўлиб, жабрланувчи ва уларнинг яқинлари шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, иш ҳолати ҳамда тарафларнинг фикрини инобатга олган ҳолда раислик томонидан ҳал этилади. «Бироқ бу видеотасвирга олишга рухсат бермаслик, журналист ва блогерларнинг суд залини тарк этиши шарт эканини англатмайди», — деди Акбаров.