Шавкат Мирзиёев Чилонзор туманида ишга туширилган «Gold Moon Tashkent» МЧЖ фаолияти билан танишди. У Собиқ «ФОНОН» илмий-ишлаб чиқариш корхонаси негизида очилган.

Қиймати қарийб 21 млн доллар бўлган мазкур лойиҳа доирасида йилига 6 тонна заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилган. Италия, Германия ва Туркиядан замонавий асбоб-ускуналар келтириб ўрнатилган.

Ишга 200 дан ортиқ моҳир заргар жалб қилинган ҳамда уларга италиялик дизайнер ва техник ходимлар ўз маҳорат ва тажрибаларини ўргатмоқда.

«Заргарлик халқимизда азалдан бўлган, бугун ҳам бор. Бизнинг мақсадимиз — ёшларни замонавий технологиялар ва дизайнга ўргатиб, камида 10 минг нафар йигит-қизни иш билан таъминлаш, Ўзбекистон миллий брендини жаҳон бозорига чиқариш. Юртимизда хомашё, қўли гул ҳунармандлар бор. Бу соҳа миллий анъаналарни тиклаш, ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан ҳам катта пойдевор», — деди президент.

Ширкат маҳсулотларнинг 15 фоизини Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон ва бошқа давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.