Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов АОКАда ўтказилаётган брифингда 2020 йилда туризм соҳасида қайд этилган натижалар таҳлили ва 2021 йилдаги устувор вазифалар ҳақида ахборот берди.

«Коронавирус пандемияси туфайли юз берган глобал инқироз натижасида мамлакатимиз туризми энг жиддий зарар кўрган соҳалардан бири бўлди. 2020 йилда жами 1 млн 504 минг хорижий турист ташриф буюрди. Бунда 261 млн АҚШ доллари миқдорида туризм хизматини таъминлаган эдик», — деди Абдуҳакимов.

У шунингдек, 2021 йил учун аниқ режалаш ишлаб чиқилгани, жоиз бўлса, рейсма-рейс йўналиш бўйича хисоб китоблар амалга оширилишини қўшимча қилди.

«2021 йилда Ўзбекистонга 1 млн 700 минг нафар хорижий сайёҳ ташрифини таъминлаш бўйича аниқ режа қилинган. Бунинг эвазига туризм хизматлари экспорти 370 млн долларга етказилади», — деди бош вазир ўринбосари.

2020 йилда 1 млн 800 минг маҳаллий туристлар сайёҳлиги ташкил этилгани айтилди. «Келгуси йил буни кескин кўпайтириб, 7,5 млн фуқароларни сайёҳликка жалб этмоқчимиз», — деди Азиз Абдуҳакимов.