Ўзбекистондаги барча мактабларда учинчи чоракдан тўлиқ анъанавий таълим шаклига ўтилади, дея хабар бермоқда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

2020−2021 ўқув йилининг биринчи ярим йиллигида ўқув жараёни юртимиздаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда, ота-оналарнинг ихтиёрига кўра анъанавий ва масофавий шаклда олиб борилди.

Мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгани, иккинчи чорак якунига қадар 90 фоиздан ортиқ ўқувчилар анъанавий шаклда таълим олиш мақсадида мактабга қайтганини инобатга олиб, 2021 йилнинг 11 январидан барча мактабларда ўқув жараёнлари тўлиқ анъанавий шаклга ўтказилади.

ХТБ ўқувчиларнинг соғлигини ҳимоялаш бўйича ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида ўқув йилининг биринчи ярим йиллиги давомида анъанавий шаклда таълим жараёни йўлга қўйилган мактабларда эпидемиологик вазиятнинг барқарорлиги таъминланди деб ҳисобламоқда.

Шу билан бирга, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, икки чорак давомида масофавий таълим олиш жараёнида ўқувчиларнинг дарсларни тўлиқ ўзлаштиришларига етарли имконият бермади, айрим ҳолатларда ўқувчилар телевизион дарсларни кўриш ва ўрганиш ўрнига вақтини бесамар ўтказиш ва ота-оналар томонидан етарли назорат этилмаслиги оқибатида вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳам кузатилди.

«Шу боис, ота-оналардан фарзандларининг келажаги учун ўз вақтида билим олишларига шароит яратишлари ва мактабга юборишларини сўраб қоламиз», — дейилади вазирлик хабарида.

Ўз навбатида Халқ таълими вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига барча мактабларда қишки мавсумда иссиқлик тизимини барқарор ишлаши, ўқувчиларнинг соғлигини ҳимоялаш билан боғлиқ ташкилий чораларни кўриши, санитария-гигиена ва дезинфекция воситалари билан таъминлашлари талаб этилишини эслатиб ўтди.