Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Pfizer/Biontech вакцинасини фавқулодда ишлатишга рухсат берилган биринчи вакцина сифатида рўйхатдан ўтказди. Бу дунё мамлакатларига вакцинани импорт қилишга ва аҳолига тарқатишга имконият беради, дейилади ташкилот ахборотида.

Дунёнинг турли бурчакларидаги мутахассислар Pfizer вакцинаси бўйича маълумотларни ўрганиб чиқишди. Ўрганишлар натижасида вакцина ЖССТнинг хавфсизлик ва самарадорлик бўйича талабларига жавоб бериши аниқланди.

5 январь куни ЖССТ Эмлаш бўйича мутахассисларнинг стратегик маслаҳат гуруҳи томонидан вакцинани аҳоли орасида қўллаш тартиби ва тавсияларни ишлаб чиқади.

ЖССТ вакили хавфсизлик даражаси ва самарадорлиги синовлардан ўтган бошқа вакциналарни баҳолаш давом этаётганлигини маълум қилди. Ташкилот бошқа вакциналар ишлаб чиқарувчиларини баҳолашда қатнашишга чақирди.

Ҳозирда АҚШва Буюк Британияда Pfizer/Biontech вакциналари билан эмлаш бошланган. Биринчи навбатда тиббиёт ходимлари, қариялар уйларида яшовчилар ва ишловчилар эмланмоқда. Вакцинанинг Европа Иттифоқи мамлакатлари учун нархи бир дозаси учун 15,5 еврони ташкил этиши айтилганди.