Бош прокуратура «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Мазкур ҳужжатга асосан Жиноят кодекси «148−3-моддаcи — Вояга етмаган шахсни мажбурий меҳнатга жалб қилиш» билан тўлдириш таклиф этилмоқда.

Ушбу моддага кўра, Вояга етмаган шахсни унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларга мажбурий жалб қилиш — БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 1 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракат вояга етмаган шахснинг соғлиғига ўртача оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса — 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракат вояга етмаган шахснинг соғлиғига оғир шикаст етказилишига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса — 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бундан ташқари, ЖКнинг «216−1-модда — Ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар фаолиятида қатнашишга ундаш» иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда: Ўша ҳаракатлар вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса — 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.