20 декабрь куни Норин туманида яшовчи 18 ва 23 ёшли икки йигит олдиндан тил бириктириб, ижарада яшаб келаётган, асли учқўрғонлик бўлган 16 ёшли қизни ўғирлашга уринишган. Қиз юриб кетаётган Damas автомашинасидан ўзини ташлаган ва олинган оғир тан жароҳатлари сабаб шифохонанинг реанимация бўлимида вафот этган. Бу ҳақда Sevimli телеканалида узатилган кўрсатувда хабар берилди.

Учқўрғон туманидан икки нафар, Норин туманидан бир нафар қиз ушбу хонадонда бир ярим ойдан буён ўқишга кириш учун тайёрлов курсларига қатнашиш мақсадида яшаб келаётганидан профилактика инспектори ҳам, маҳалла раиси ҳам бехабар бўлган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 117-моддаси 2-қисми (ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, айбдорнинг ўзи жабрланувчини хавфли аҳволга солиб қўйган ва оғир шикаст етказилишига олиб келиши) ҳамда 137-модданинг 3-қисми (одам ўғрилаш) «б» банди (оғир оқибатларга сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.