Жанубий Корея барча автобуслари бепул Wi-Fi билан жиҳозланган дунёдаги биринчи мамлакатга айланди, дея хабар берди «Российская газета».

Барча шаҳар автобусларини бепул Wi-Fi билан таъминлаш дастури 2018 йилда йўлга қўйила бошланган бўлиб, 14 декабрь куни дастур тўлиқ амалга оширилди.

Корея Илм-фан ва технология вазирлигига кўра, мамлакат шаҳарлари бўйлаб жами 35 мингта автобус ҳаракатланади. Шулардан 29,1 мингта автобусни Wi-Fi билан таъминлашни марказий ҳукумат ўз бўйнига олган, 5906 та автобусни эса ушбу технология билан маҳаллий ҳокимиятлар жиҳозлашган.

Ҳозиргача ўртача ҳисобда Wi-Fi хизматидан ойига 1228 киши фойдаланган бўлиб, умумий ҳисобда ойига 55,3 ГБ интернет трафик ҳажмида ишлатилган.

Yonhap агентлигининг маълум қилишича, аҳолиси 51,6 миллионни ташкил қилувчи ушбу мамлакатда 2019 йил май ойидан 2020 йил октябригача автобусларда бепул Wi-Fi хизматидан 420 миллион маротаба фойдаланилган.

Вазирликнинг таъкидлашича, ушбу хизмат аҳолининг кўплаб қатламлари учун мобил интернет нархини пасайтиради. Уч йил давомида аҳолининг умумий иқтисодий фойдаси 22 млн вон ёки 20 минг долларга баҳоланмоқда.