ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, 29 ноябрда тунги соат 01:00ларда Гулистон шаҳар, Баҳор маҳалласидаги «Сафина» номли кафеда жанжал юзага келган.

Хабарга кўра, воқеа жойига етиб борган маҳалла профилактика инспектори маъмурий назоратда турувчи, кафе иш юритувчиси Д.С. уч нафар нотаниш шахслар билан спиртли ичимлик истеъмол қилаётганлигини кўрган ва Д.С. нинг ҳаракатларини телефонга суратга олган.

Ҳужжатларни расмийлаштириш учун инспектор уларга 3-сонли ИИБга боришни айтган.Шу пайт, маст ҳолатда бўлган фуқаро К.Л. ва Д.С. биргаликда профилактика инспекторини бош, юз қисми ва баданини турли жойларига уриб-тепиб тан жароҳати етказишган ҳамда унинг телефон аппаратини олиб, ерга уриб синдирган.

Ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар прокуратураси томонидан ушбу шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.