14 декабрь куни «Электрон турдаги суғурта хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Унга кўра, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича қоидалар тасдиқланди, дея хабар берди Ҳуқуқий ахборот Telegram канали.

Қарорга мувофиқ, электрон турдаги суғурта хизматлари (Е-полис) ягона ахборот тизими таркибида амалга оширилади.

2021 йил 1 июлгача ягона ахборот тизими таркибида Е-полисларни сотиш ва расмийлаштириш бўйича тегишли ахборот модуллари жорий этилади.

Қарор билан Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича Е-полисни сотиш, расмийлаштириш ва уларнинг ҳақиқийлигини текшириш қоидалари тасдиқланди.

Унга кўра, Е-полисни сотиш, расмийлаштириш электрон маълумот алмашиш орқали суғурта қилдирувчи билан суғурта ташкилоти ўртасида амалга оширилади.

2021 йил 1 мартдан Молия вазирлиги суғурта ташкилотлари билан биргаликда Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича Е-полисни сотиш, расмийлаштиришни амалга оширади.

Е-полис қоғоз шаклидаги шартномага (полисга) тенглаштирилди.