Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган президент фармони лойиҳасида айрим турдаги маълумотномаларни талаб қилишни бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Ҳужжат лойиҳасида 2021 йил 1 апрелдан бошлаб давлат ва хўжалик бошқарув органлари, давлат муассасалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жисмоний шахслардан:

а) қуйидаги фактларни тасдиқловчи:

  • руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
  • наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;
  • судланганлик;
  • манзил-маълумот ахбороти;
  • фуқаронинг номида шахсий уй-жой борлиги ёки йўқлиги;
  • турар жойнинг майдони;
  • солиқ қарзи бор ёки йўқлиги;
  • солиқ тўловчи жисмоний шахсларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги;
  • пенсия ва нафақа миқдори;
  • пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;
  • никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги тўғрисидаги;

б) қуйидаги ҳужжатларни:

  • шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;
  • шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати;
  • тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномалари;
  • кадастр ҳужжатлари ва уларнинг нусхалари;
  • меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари;
  • иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномаларини талаб қилиш бекор қилиш таклиф этилмоқда.

Бунда, давлат ва хўжалик бошқарув органлари, давлат муассасалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш ва бошқа маъмурий тартиб-таомиллардан ўтиш, шунингдек ишга қабул қилиш жараёнида мазкур бандда белгиланган ҳужжат ёки маълумотларни олиш зарурати мавжуд бўлганда, уларни ушбу фармон иловасига мувофиқ тасдиқланган маълумотларни бериш учун масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.

Ушбу бандда кўрсатилган ҳужжат ёки маълумотларнинг давлат ва хўжалик бошқарув органлари, давлат муассасалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жисмоний шахслардан талаб қилиниши давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш деб ҳисобланади.

Аввалроқ худди шу фармон лойиҳасида 2021 йил 1 мартдан бошлаб фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ҳамда юридик шахсларнинг почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида кўрикдан ўтиш ва транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш экстерриториал тамойил бўйича амалга ошириш таклиф қилинаётгани ҳақида хабар берган эдик.