Психологик тест ва суҳбатлар орқали судьяларнинг дунёқараши, судда бўладиган турли ҳолатларга чидамлилиги, вазиятга баҳо бериш кўникмаси, ҳатто ичкиликка ва коррупцияга мойиллиги ҳақида тавсиявий характердаги хулосалар олинади. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров матбуот анжуманида маълум қилди.

Хабарга кўра, судьялар фаолиятини баҳолаш бўйича электрон рейтинг тизимини жорий қилиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар ҳам судьялар фаолияти ҳар 2,5 йилда бир марта Судьялар малака ҳайъати томонидан 100 баллик тизимда баҳоланар эди.

Янги электрон рейтинг натижасида судьялар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланади ҳамда бу доимий юритиб борилади. Ҳар бир судья ўз камчилик ва ютуқларини онлайн кўриб туради, дейилади хабарда.