Туркманистонда биринчи синф ўқувчиларига янги йилда компьютерлар совға қилинади

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов биринчи синф ўқувчиларига янги йил байрами муносабати билан мамлакатда ишлаб чиқариладиган компьютерларни совға қилишга топшириқ берди. Мамлакат бош вазирининг фан ва таълим масалалари бўйича ўринбосари Мамметмират Гелдиниязов «Agzybirlik tilsimaty» компанияси 1 синф ўқувчилари учун компьютерларни ишлаб чиқарганлигини хабар берди. Унинг гапларига кўра, компьютерларнинг техник хусусиятлари халқаро стандартларга жавоб беради. «Бу корхонанинг мактабдаги таълим жараёнини рақамлаштиришга қўшган ҳиссаси бўлди», — деди Гелдиниязов. — Туркманистон давлат ахборот агентлиги.

Ривожланган мамлакатларнинг ёқилғи ишлаб чиқарувчилари нефтни қайта ишлаш заводларини ёпишмоқда

COVID-19 пандемияси ривожланган мамлакатларда нефтни қайта ишлаш заводларининг ёпилишига сабаб бўлмоқда. Дунёнинг энг йирик ёқилғи ишлаб чиқарувчилари Royal Dutch Shell ва Ampol (Австралия) компаниялари нефтни қайта ишлаш заводларини ёпаётгани ёки бундай имкониятни кўриб чиқаётганлиги тўғрисида хабар беришди. Бунга ёқилғига талабнинг пасайиши, Осиё ва Яқин Шарқдаги янги ва кучли корхоналар рақобатининг кучайиши сабаб бўлмоқда. 2020 йилда турли мамлакатлардаги 11 та нефтни қайта ишлаш заводларини ёпиш режалари эълон қилинди. Учта корхона ишнинг қисман тўхтаб қолгани ҳақида хабар берди, яна камида бештаси муаммога дуч келди. — The Wall Street Journal.

Lufthansa авиакомпанияси 27,5 минг иш ўрнини қисқартиради

2020 йил охирига келиб, Lufthansa чет элдаги ишчилар сонини 20 мингга қисқартиришни, шунингдек, 7,5 минг кишини иш билан таъминлайдиган LSG овқатланиш бўлимини сотишни режалаштирмоқда. Lufthansa шўба корхоналари (Eurowings, Swiss, Austrian ва Brussels Airlines) коронавирус пандемияси сабабли парвозларга бўлган талабнинг пасайиши муносабати билан парвозлар ва ходимлар сонини қисқартирмоқда. Маълумотларга кўра, асосан ички рейсларга хизмат кўрсатадиган Германия авиакомпанияси келгуси йилда 10 минггача иш жойини қисқартириши мумкин. — Интерфакс.

Литва Беларусдан 689 қочқинни қабул қилади

689 Беларусь фуқаросига Литвага махсус гуманитар сабабларга кўра келишга рухсат берилди. Ушбу фуқароларнинг 285 нафари Литвага етиб келган, 67 нафари эса бошпана сўрамоқда. Литва ички ишлар вазири бундай вазиятни Ташқи ишлар вазирлигининг чет эл фуқаросини сиёсий ва бошқа таҳдидлар каби махсус гуманитар сабабларга кўра қабул қилиш тўғрисидаги таклифи билан изоҳламоқда. 11 сентябрдан бошлаб режим ва репрессия қурбонларига, таъқибга учраган Беларусь фуқароларига ва оппозициянинг фаол вакилларига Литвага келиш рухсатномалари берилмоқда. — Интерфакс.

Ҳиндистонда 350 дан ортиқ киши номаълум касалликка чалинди, бир киши вафот этди

Ҳиндистоннинг Aндҳра-Прадeш штати Элуру шаҳридаги касалхонага номаълум касаллик тарқалиши сабабли 350 дан ортиқ киши шифохонага ётқизилди, улардан бири вафот этди. Хабарда келтирилишича, бeморлар касалхонага бош айланиши ва эпилeпсия, тўсатдан ҳушидан кeтиш, оғиздан кўпик келиши ва қалтираш шикоятлари билан мурожаат қилишди. Шифокорлар қонни тeкшириб, мияни компьютeр томографиясидан ўтказган бўлсалар ҳам, тўсатдан юзага келувчи ушбу касалликнинг сабабини аниқлай олишмади. 180 дан ортиқ одам аллақачон шифохонадан чиқарилган, 160 га яқини даволанишда қолмоқда. — Газета.uz