Бухоро вилоятининг Пешкў туманига ва Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманига янги ҳокимлар тайинланди.

Пешкў туманига Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ваҳоб Қаҳҳоров ҳоким этиб тасдиқланди, дея хабар берди Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Пешкў тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган Амрилло Назаров эса вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманига Жарқўрғон тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган Зиёдулла Давлатов ҳоким этиб тасдиқланди, дея хабар берди Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати. Шеробод туманининг олдинги ҳокими Амиров Алишер бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан туман ҳокими вазифасидан озод қилинди.

Зиёдулла Давлатов 1974 йил 3 мартда Термиз туманида туғилган. 2006 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, 2007 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.

2007−2010 йилларда АТ Халқ банки ички аудит бошқармаси бошлиғи, кредит департаменти директори, 2010−2013 йилларда Халқ банки Тошкент вилояти филиали бошлиғи, 2013−2017 йилларда Сурхондарё вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, 2017 йилдан то шу кунгача Жарқўрғон тумани ҳокими лавозимида ишлаган.