Коронавируснинг енгил формаси ҳам эрта қаришга олиб келиши мумкин. Бу ҳақда АҚШнинг Виржиния штатидаги Жорж Мейсон университети Тизимлар биологияси мактаби профессори Анча Баранова «РИА Новости»га берган интервьюсида маълум қилди.

Баранованинг фикрича, ушбу вирус ресурсларни сўриб олиб, кексаликни яқинлаштириши билан ҳам хавфли ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, ноябрь ойида ўтказилган тадқиқот натижасида коронавирусдан тез ва осон тузалганларнинг 70 фоизида баъзи ички органларнинг патологияси кузатилган.

«Хасталикдан нафақат юрак, балки жигар ҳам зарарланади ва ёғли гепатоз, ошқозон ости бези липоматози қайд этилади. Одатда бундай ташхислар 60 ёшли инсонларга қўйилади. Бироқ коронавирусдан сўнг бу каби аломатлар 40 ёшли одамларда ҳам учрамоқда», — дейди профессор.