«Ўзгидромет» хабарига кўра, 1−3 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудудларига Каспий денгизи ҳудудидан илиқ ва бироз нам ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Кўпчилик вилоятларда ҳаво булутли бўлиши, республиканинг айрим ҳудудларида (Қорақалпоғистон, Хоразм, Сурхондарё вилоятларидан ташқари) бироз ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.

Ҳаво ҳарорати кечалари 2 даража совуқ 3 даража илиқ, кундузи 5−10 даража илиқ, 2 декабрда баъзи жойларда 12 даража илиққача бўлиши кутилмоқда. Республиканинг жанубида шу кунларда ҳаво ҳарорати 13−15 даража илиқ бўлади.

Жума куни Қозоғистон ҳудудлари устида антициклон кучая бошлайди ва шимоли-ғарбий оқимлар билан совуқ ҳаво Ўзбекистон ҳудудларига кириб келади. Ҳаво ҳарорати кечалари 0−5 даража совуққача, кундуз кунлари 0−5 даража илиққача пасаяди, бу меъёрдан 3−5 даражага пастдир. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларининг баъзи жойларида бироз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин.

Республиканинг айрим жойларига туман тушиши мумкин.