Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Фарғона вилоятидан Россияга помидор ва қалампир импортига тақиқ қўйилгани ҳақидаги хабарга изоҳ берди.

Қайд этилишича, ушбу тақиққа сабаб бўлган ToBRFV ўсимликлар вирусининг янги штамми Ўзбекистон ҳудудида илгари аниқланмаган. ЕОИИ мамлакатларида ҳам ушбу вирусга нисбатан тақиқ мавжуд эмас — Евросиё Иқтисодий комиссияси Кенгашининг 2016 йил 30 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган карантин объектларининг ягона рўйхатига ToBRFV киритилмаган.

Ҳозирги вақтда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ва Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси билан биргаликда Россельхознадзор билан мазкур масала бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилаётганлиги ҳақида маълум қилинди.

Хабарга кўра, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ташаббуси билан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларда шу каби вируслар пайдо бўлишининг олдини олиш бўйича тезкор равишда чора-тадбирлар Комплекси ишлаб чиқилмоқда.

Тақиқларни яқин вақтларда бекор қилиш бўйича чоралар кўрилаётганлиги ҳақида маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Россия ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати томонидан 26 ноябрь куни Фарғона вилоятида етиштириладиган сабзавотларга тақиқлар киритилган эди.