Адлия вазири Русланбек Давлетов Facebook даги «Халқ билан мулоқот/диалог с народом» гуруҳида онлайн мулоқот ўтказди. Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, илк бора ташкил этилган ушбу мулоқотга фуқаролардан 1500 га яқин савол келиб тушган.

Онлайн мулоқотда адлия вазири ишончнома орқали автомобиль бошқариш каби муаммолар тўғрисида гапириб ўтди.

«Автомашиналарни бошқаришда ишончнома масаласи доимо долзарб бўлиб келган. Президентимиз қарорига асосан яқин қариндошлар бўладиган бўлса, ишончнома зарур эмас деган норма киритилди, яъни яқин қариндошлар ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқиб шу янгилик жорий этилди. Бу яхши қадам, енгиллик. Кўп вазирликлар бунга қарши бўлди, бироқ ҳукуматимиз қўллаб-қувватлади ва Президентимиз қарорни имзоладилар. Керак бўлса, бу жараённи соддалаштиришни яна давом эттиришимиз лозим. Чунки машинани бошқариш асосан суғурта асосида тартибга солинса ҳам етарли бўлади. Ишончнома каби ҳужжатлар, ўйлаймизки, келажакда тарихга айланади», — деди адлия вазири Русланбек Давлетов онлайн мулоқотда.

Шунингдек, онлайн мулоқот давомида фойдаланувчилардан бири адлия вазиридан «аввалги туман ҳокимининг ер ажратиш ҳақидаги қарорини янгиси бекор қилиши мумкинми?» деб савол берди.

«Ер майдонлари фуқароларга фақат аукцион орқали берилиши мумкин, — деди адлия вазири. — Ер ажратилганлиги ҳақидаги ҳоким қарорини бекор қилиш учун етарлича қонуний асос мавжуд бўлганида, фақат суд орқали бу қарор бекор қилиниши мумкин».