Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни «Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида"ги Қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Телеграм-каналида хабар қилинди.

Унга кўра, давлат рўйхатига олиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • биринчи босқичда биологик материални олиш амалга оширилади;
  • иккинчи босқичда биологик материалдан геномга оид ахборот олинади;
  • учинчи босқичда геномга оид ахборот Геномга оид ахборотнинг ягона маълумотлар базасига киритилади.

Геном бўйича давлат рўйхатига олиш биологик материални олиш, ундан фойдаланиш, уни сақлаш ва йўқ қилиш, шунингдек одамнинг шахсини, таниб олинмаган мурдани идентификация қилиш ва (ёки) биологик қариндошликни аниқлаш ва уни муҳофаза қилиш билан боғлиқ бўлган, давлат органлари ва муассасаси томонидан амалга ошириладиган фаолият ҳисобланади.

Ички ишлар вазирлиги геном бўйича давлат рўйхатига олиш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Геном бўйича давлат рўйхатига олиш ихтиёрий (пулли асосда) ва мажбурий равишда давлат рўйхатига олиш тарзида амалга оширилади.

Қонун 2023 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.