Қўқон шаҳрида ўзганинг мулкини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш мақсадида хонадонга ғайриқонуний равишда кириб, эр-хотинни ўлдирган уч нафар шахсга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди ишни кўриб чиқишни якунлади. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.

Таъкидланишича, судланувчилар, Ўзбекистон туманида истиқомат қилувчи М. Р., Ф. Т. ва С. О. олдиндан ўзаро келишган ҳолда босқинчилик билан ўзганинг мулкини эгаллаш борасида жиноий режа тузишган.

Воқеа шу йилнинг 6 январь куни содир этилган. Жиноятчилар тахминан соат 01:30 ларда Қўқон шаҳар Жасорат кўчасида Ф. Н.нинг яшаш хонадонига ўғриликка тушишади. Улар ниқоб ва қўлқоп кийиб олиб, скотч, арқон ва икки дона пичоқ билан қуролланган бўлишган. Вазиятни кузатиб туриш мақсадида С.О. ҳовлида қолади.

М. Р. ва Ф. Т. эса моддий бойликларни эгаллаш учун ичкарига кириб, уйнинг ётоқхонасига ўтишган. Ухлаб ётган хонадон эгасининг турмуш ўртоғига бир маротаба пичоқ уриб, шовқиндан уйғониб кетган Ф.Н.га ҳам бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказишган. Улар бу ишларидан қониқмай, эр-хотинни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдиришган.

Судланувчи М.Р. судда кўрсатма беришича, бошқалардан пул қарзи кўпайиб кетган ва шу сабабли ўзига тўқ оилаларнинг уйига ўғриликка тушишни мақсад қилган. Бу ишга қариндошларини ҳам жалб этган. Ф. Н.нинг Қўқон шаҳридан уй олишидан хабар топгач, унда катта миқдорда пул борлигини тахмин қилиб, ушбу жиноятга қўл урган.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьясининг хабар қилишича, суд ҳукми билан қотилликка қўл урган М. Р.га узил-кесил умрбод, Ф. Т.га 25 йил, С. О.га эса 23 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.