Январь-октябрь ойларида Ўзбекистон билан ташқи савдо айланмаси ҳажми 30 млрд доллардан зиёдроқни ташкил этди. Давлат статистика қўмитасининг берган маълумотларида бу ҳақда сўз боради.

Ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 13,3 млрд доллар, импорт эса 16,7 млрд долларни ташкил этди. Бунда товарлар экспорти 5,9 млрд долларга етган бўлиб, уларнинг энг катта қисми саноат товарларига тўғри келган. Товарлар импорти эса жами 15,7 млрд долларни ташкил қилган бўлиб, уларнинг 37,8 фоизини машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари эгаллаган.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори Хитой Халқ Республикаси бўлди. Икки давлат ўртасидаги ташқи савдо айланмасининг умумий ҳажми 5,1 млрд долларни ташкил қилиб, шунинг 1,57 млрд доллари экспорт, 3,5 млрд доллари эса импортга тўғри келади.

Ташқи савдо айланмаси бўйича кейинги ўринларда эса қуйидаги давлатлар турибди:

  • Россия — 4,5 млрд доллар: экспорт — 1,2 млрд, импорт — 3,3 млрд доллар
  • Қозоғистон — 2,3 млрд доллар: экспорт — 729,4 млн, импорт — 1,5 млрд доллар
  • Корея — 1,8 млрд доллар: экспорт — 38,4 млн, импорт — 1735,1 млн доллар
  • Туркия — 1654,8 млн доллар: экспорт — 785,8 млн, импорт — 869 млн доллар
  • Қирғизистон — 736,3 млн доллар: экспорт — 622,4 млн, импорт — 113,9 млн доллар
  • Германия — 643,6 млн доллар: экспорт — 59,6 млн, импорт — 584 млн доллар
  • Афғонистон — 611,4 млн доллар: экспорт — 609,5 млн, импорт — 1,9 млн доллар
  • Чехия — 499,1 млн доллар: экспорт — 30,8 млн., импорт — 468,2 млн доллар
  • Тожикистон — 394,3 млн доллар: экспорт — 318,3 млн, импорт — 76 млн доллар.

Шунингдек, ДСҚ маълумотларига кўра, ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор-давлатлар орасидан бешта давлатда фаол ташқи савдо баланси кузатилган. Хусусан, Афғонистон (607,7 млн доллар), Қирғизистон (508,4 млн доллар), Тожикистон (242,3 млн доллари), ва Эрон (40,9 млн доллар) шулар жумласидандир. Қолган 16 та давлатлар билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ январь-октябрь ойлари давомида Ўзбекистон 5,8 млрд долларлик ҳажмда олтин экспорт қилгани, бу 10 ой давомида амалга оширилган ташқи савдо айланмасининг 43,5 фоизини ташкил этиши ҳақида хабар берган эдик.