Давлат статистика қўмитасининг 2020 йил январь-октябрь ойлари давомидаги ташқи савдо айланмаси ҳақидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистон экспортининг 43,5% улушини олтин ташкил қилади.

Сўнгги икки ой давомида олтин экспорт қилинмаган бўлса-да, жами 13,3 млрд долларни ташкил қилган экспорт ҳажмининг 5,8 млрд доллар қисми олтин экспортига тегишли. 2018 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 15,1 фоизга, 2019 йилда эса 28,1 фоизга тенг бўлган.

Январь-октябрь ойлари бўйича Ўзбекистон импортининг ҳажми 16,7 млрд долларни ташкил қилиб, шундан 25,3 млн доллар олтин импортига тўғри келади.

Бу вақт оралиғидаги экспорт ҳажмининг энг катта қисмини олтин эгаллаган бўлса, импортнинг 37,8 фоиз улушини машиналар ва транспорт асбоб-ускуналар ташкил қилган.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон июль ойида олтин сотиш бўйича етакчига айлангани, август ойида эса рекорд кўрсаткичларда олтин сотгани ҳақида хабар берган эдик.