Президентнинг 17 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021−2022 ўқув йилидан бошлаб Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Гидрометеорология факультетини ташкил этиш белгиланмоқда.

2021−2022 ўқув йилидан бошлаб Россия давлат гидрометеорология университети ва бошқа хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрланади.

Бундан ташқари, Тошкент гидрометеорология коллежи негизида Тошкент гидрометеорология техникуми ташкил этилади. У Ўзгидромет тизимига ўтказилади.

Техникум гидрометеорология соҳасида ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича базавий ўқув муассасаси, метеорология, гидрология, гидрометеорологияда алоқа ва коммуникациялар соҳасида касб-ҳунар таълими бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқади.

Техникумда кадрлар тайёрлаш давлат буюртмаси ва тўлов-шартнома асосида амалга оширилади. Техникум Жаҳон метеорология ташкилотининг Минтақавий ўқув маркази функцияларини бажаради.

Ўзгидромет ходимлари Тошкент гидрометеорология техникумида дастур асосида малакаси оширилади.

Қарор билан Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги «Эл-юрт умиди» жамғармаси 2021 йилдан бошлаб белгиланган тартибда Ўзгидрометнинг салоҳиятли ходимларини етакчи хорижий таълим, илмий ва ихтисослаштирилган муассасаларда ўқитиш, малакасини ошириш ҳамда стажировка ўташини ташкил этади.

Шунингдек, икки ой ичида гидрометеорология фаолиятида сунъий йўлдош ва ерни масофадан зондлаш технологияларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, гидрометеорологик маълумотлар билан алмашиш учун маълумотлар узатишнинг ягона телекоммуникация тармоғини яратиш дастури ишлаб чиқилади.

Ўзбекистонда авиацияни метеорологик маълумотлар билан таъминлаш соҳасида Жаҳон метеорология ташкилоти ва Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.