Президент «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ врачлик пункти — оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси — оилавий поликлиника деб қайта номланади.

Аҳоли сони ва маҳаллий заруриятдан келиб чиқиб, оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда туну кун навбатчи тиббиёт ходими хизмат кўрсатади.

Бундан ташқари, 2021 йилдан олис ва чекка ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалари шифокорлари учун «Қишлоқ шифокори» дастури жорий қилинади.

Тиббиёт ОТМни охирги 3 йил ичида тамомлаган ва бошқа ҳудудда яшовчи шифокорлар олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларига ишга жойлашса, 3 йил ишлаб бериш шарти билан уларга 30 млн сўм миқдорида бир марталик пул маблағлари берилади.

Уй-жойи бўлмаганларга эса 3 йил давомида хизмат уй-жойлари берилади ёки БҲМнинг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик ижара тўловлари Давлат бюджетидан компенсация қилинади.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари бўш шифокор иш ўринлари рўйхатини тузади.

Молия вазирлиги 2021 йилдан ушбу вазифаларни бажариш учун давлат бюджетидан 20 млрд сўмгача маблағ ажратади.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан оилавий шифокор ва бошқа тиббиёт ходимлари фаолияти самарадорлиги бўйича янги рейтинг тизими жорий қилинади. Унинг натижаларига кўра, шифокорлар ҳар чоракда БҲМнинг 10 бараваридан 30 бараваригача миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

2021 йил 1 январдан туман [шаҳар] тиббиёт бирлашмаси бошлиғига ажратилаётган маблағлар доирасида, заруриятга қараб, тор соҳа шифокорлари штатларини мустақил белгилаш ваколати берилади.

2021−2023 йилларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар қуйидагича ташкил этилади:

  • 315 та оилавий шифокор пунктлари, шундан 2021 йилда — 100 та, 2022 йилда — 105 та ва 2023 йилда — 110 та;
  • 52 та қишлоқда жойлашган оилавий поликлиникалар, шундан 2021 йилда — 17 та, 2022 йилда — 18 та ва 2023 йилда — 17 та;
  • 33 та шаҳарда жойлашган оилавий поликлиникалар, шундан 2021 йилда — 7 та, 2022 йилда — 13 та ва 2023 йилда — 13 та ташкил этилади.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

Мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, Қарши давлат университети, Жиззах давлат педагогика институти, Навоий давлат педагогика институти ва Гулистон давлат университетида тиббиёт факультетлари ташкил қилинади. Жумладан, улар ва бошқа тиббиёт ОТМларида етакчи хорижий тиббиёт ОТМлари билан қўшма таълим дастурлари асосида ўқитиш тизими жорий қилинади;

Вилоят тиббиёт муассасалари, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда клиник базалар ташкил қилинади ва битирувчи курс талабалари ушбу клиник базаларда ўқув амалиётини ўтайди;

Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежларида оилавий шифокорлар ёрдамчиларини тайёрлаш тизими жорий қилинади. Уларда оилавий шифокорлар ёрдамчиларини тайёрлашнинг мутлақо янги тизими жорий қилинади;

Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари ва тиббиёт коллежлари оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга бириктирилади. Уларнинг ўқувчилари ихтисослигидан келиб чиқиб, ушбу муассасаларда амалиёт ўтайди.