Мансабдор шахслар давлат маблағларидан турли қимматбаҳо автотранспортларни харид қилишининг олдини олиш мақсадида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Ўзбекистон президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов маълум қилди.

«Айрим мансабдор шахслар бугунги мураккаб (пандемия) шароитида давлат маблағларининг самарали сарфланиши нақадар муҳим эканлигини тўла англаб етмаяптилар. Ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама бўлаётган — қиммат нархлардаги хизмат автотранспортларини харид қилиш — бунга яққол мисол бўла олади. Бундай ҳолларда давлат хизматчиларига «Ҳалоллик вакцинаси»ни норматив ҳужжатлар қабул қилиб, тегишли чекловларни қўллаш орқали сингдиришдан бошқа чора қолмаяпти», — деди Акмал Бурханов.

Президент қарори лойиҳасида айнан мана шу каби ҳолатларни бартараф этишга мўлжалланган. Лойиҳага кўра, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбар ходимларига хизмат авторанспортларни классига қараб бириктириш нормативлари (энг юқори нархлари) белгиланади.

Жумладан, туман, шаҳар ҳокимларига бириктириладиган хизмат автотранспорти нархи БҲМнинг 1200 баравари (267 млн 600 минг сўм)дан ошмаслиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари хизмат автомашинаси нархи эса БҲМнинг 700 баравари (156 млн 100 минг сўм)дан ошмаслиги керак бўлади.

Давлат ташкилотларида фойдаланишда мавжуд бўлган хизмат авторанспортлари хатловдан ўтказилади ва белгиланган нормативлардан ортиқча бўлган хизмат автотранспортлари «E-IJRO AUKSION» орқали аукцион савдоларда сотилиши таъминланади.

Хизмат авторанспортларини сотишдан тушган маблағлар эса тегишлича республика, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига йўналтирилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хизмат автотранспортларини янгисига алмаштириш ундан камида 5 йил фойдаланилгандан сўнг амалга оширилади. Бунда автотранспортнинг теxник ҳолати, ундан фойдаланиш xавфсизлиги, шунингдек, янгисига алмаштиришнинг иқтисодий мақсади инобатга олиниши лозим бўлади.

Бундан ташқари, хизмат автотранспортларидан фақат хизмат мақсадларида фойдаланилиши жамоатчилик томонидан назорат қилинади ҳамда хизматдан ташқари мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг махсус веб-порталига, шунингдек, махсус мобил дастурий таъминотига фото ва видео материалларни жойлаштириш орқали хабардор қилинади.

Маълумот ўрнида:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси 883 млн сўмга Toyoto Prado автомобилини харид қилган;
  • Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси 398 млн сўмга Traiblazer харид қилган;
  • Жиззах вилояти Мирзачўл тумани ҳокимлиги 370 млн сўмга Traiblazer харид қилган;
  • Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 349 млн сўмга Equinox хизмат машинасини харид қилган;
  • Қашқадарё вилояти ҳокимлиги 621 млн сўмга 3 та Tracker хизмат машинасини харид қилган (1, 2, 3);
  • Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси 250 млн сўмга иккита Lacetti автомобилини харид қилган (1,2)